Полвонларимиз жаҳон чемпионатида 15 та медалга эга чиқди

Жаҳон чемпионатида тўлиқ таркиб билан иштирок этган терма жамоамиз иккита олтин, учта кумуш ва ўнта бронза медаллар шодасига эга чиқишиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Жорий йилнинг 6-9 декабр кунлари Россия давлатининг Қозон шаҳрида 2001-2002 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этган белбоғли курашчиларимиз 7 та олтин, 6 та кумуш ва 7 та бронза медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи эгаллашган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай полвонларимиз яна муваффақиятларга эришиб, халқаро спорт аренасида Юртимиз байроғини яна бир бор энг баланд ҳилпирашини, мадҳиямиз садолари баралла янграшини таъминладилар.
Кеча Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида белбоғли кураш бўйича 1998-2000 йилларда туғилган ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати мусобақаси бўлиб ўтди. Йигирма тўртта давлатдан икки юз эллик нафардан ортиқ полвонлар иштирок этган мазкур Жаҳон чемпионатида ўсмирлар саккиз вазн тоифасида, қизлар эса олтита вазн тоифасида ўз имкониятларини синовдан ўтказишди. Қувонарлиси, ушбу нуфузли мусобақада тўлиқ таркиб билан иштирок этган терма жамоамиз иккита олтин, учта кумуш ва ўнта бронза медаллар шодасига эга чиқишиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Натижаларга кўра, Сардорбек Мадаминов (68 кг. Андижон) ҳамда Нодирбек Аҳатжонов (82кг. Андижон) лар ўз вазн тоифаларида барча рақибларидан устун келиб, Жаҳон чемпионларига айланган бўлишса, Сарваржон Тўхтасинов (62 кг. Наманган), Ривожиддин Шарофиддинов (75 кг. Наманган), Дурдонахон Абдукаримова (+76 кг. Андижон)лар иккинчи ўринларни банд этишди. Зукуржон Кошетеров (57 кг. Қорақалпоғистон), Муҳаммадмаҳмуд Ашуров (90 кг. Андижон), Ойбек Каримов (90 кг. Фарғона), Ўринбой Абдисаматов (100 кг. Фарғона), Камолахон Ҳабибуллаева (48 кг. Андижон), Қуралай Асетуллаева (48 кг. Қорақалпоғистон), Шаҳзода Эргашева (52 кг. Андижон), Манзураой Мўйдинова (48 кг. Фарғона), Дилафруз Мамажонова (66 кг. Наманган), Арзигул Акимбаева (76 кг. Қорақалпоғистон) лар учинчи ўринларни эгаллашди.

 

Ойбек Юнусов, Илҳом Раҳмонов, ЎзА