Хабарингиз бор, келгуси йилнинг илк кунларидан Бирлашган араб амирликларида футбол бўйича Осиё кубоги-2019 мусобақалари бўлиб ўтади. Унда қитъамизнинг энг кучли 24та терма жамоаси ғолиблик учун баҳсларга киришади. Қувонарлиси, улар сафида Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам бор.
Иштирокчи жамоалар бўлажак мусобақага қизғин тайёргарлик кўраётган бир паллада Ҳиндистон терма жамоаси БААга учиб борган илк жамоа бўлди. Бугун Стефан Константин бошчилигидаги Ҳиндистон терма жамоаси аъзолари Абу Даби шаҳрига етиб боришди.
Таъкидлаш керак, ҳиндлар бунгача 1964, 1984 ҳамда 2011 йили ўтказилган Осиё чемпионатларида ҳам иштирок этган. Терма жамоа сафида жами 28 нафар футболчи БААга учиб борди ва якуний таркибдан уларнинг беш нафари четда қолишади. Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон терма жамоаси Осиё кубоги-2019нинг “А” гуруҳида мезбон БАА, Тайланд ва Баҳрайнга қарши баҳс олиб боради.