МАДАМИНЖОН ҲАСАНОВ

Мамлакатимиз жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг таниқли вакили, савдо тизими фахрийси, Улуғ Ватан уруши қатнашчиси Мадаминжон Ҳасанович Ҳасанов шу йил 22 декабрь куни 94 ёшида вафот этди.

М.Ҳасанов 1924 йил Андижон вилоятида туғилган. Унинг ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келиб, 1942-1946 йилларда фронт майдонларидаги оғир жангларда мардона иштирок этди. Фашизмга қарши курашдаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди.

У урушдан сўнг Москва олий кооператив марказий мактабини тугатиб, республикамизнинг турли савдо ташкилотларида хизмат қилди. Жумладан, 1956-1959 йилларда “Ўзбектекстильторг”нинг Андижон вилояти базаси директори, 1959-1966 йилларда “Ўзбекбирлашув” бошқарувининг раиси бўлиб ишлади.

М.Ҳасанов 1966-1979 йиллар мобайнида Ўзбекистон савдо вазири лавозимида самарали фаолият олиб борди. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда илмий фаолият билан ҳам шуғулланди. 1979-2004 йилларда “Соғломлаштириш маркази” илмий-тадқиқот муассасасига раҳбарлик қилди.

Ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида М.Ҳасанов кенг билими, катта ҳаётий тажрибаси ва шахсий намунаси билан республикамизда савдо тизимини ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ишларида жонбозлик кўрсатди.

У 2004 йилда нафақага чиққанидан сўнг Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг фаоли сифатида кўплаб ибратли ишларни амалга оширди. Хусусан, уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларимизни она Ватанга, халқимизга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада кекса авлод вакилларининг фаол иштирокини таъминлашда ўзининг ташкилотчилик, ташаббускорлик ва фидоийлик фазилатларини намоён этди.

М.Ҳасановнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган савдо ходими” фахрий унвони, “Жасорат” медали, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди.

Меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Мадаминжон Ҳасановнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Ж.Ортиқхўжаев, Ш.Жалилов

 

ЎзА