Кореянинг “Кангнам Джевиско” компанияси Нукус шаҳрида йилига 50 тонналик оқ бўёқ ишлаб чиқарадиган умумий қиймати 100 миллион долларлик завод қуришни режалаштирмоқда.
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳамда “Кангнам Джевиско” компанияси вице-президенти Пак Чи Кюнг, мазкур компаниянинг ижрочи директори Ким Кю Тэлердиларни қабул қилиш маросими ўтказилди. Унда 200 янги иш ўрни яратилиши кутилаётган ушбу заводнинг лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
– Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга сафари давомида Хитой, Корея, Кувайт, Германия, Япония давлатларидаги элчилар олдига белгиланган 30 лойиҳани амалга ошириш, ҳар бир туманга инвестиция олиб келиш масъулиятини юклаган эди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б. Хабибуллаев. – Жанубий Корея бугунги кунда ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида Қорақалпоғистоннинг аҳамиятга молик стратегик шерикларидан бири ҳисобланади. Ўтган йили ўзаро товар айланмаси 28,4 миллион долларни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган ўн ойида 39,1 миллион долларни ташкил қилади. Шунингдек, ўтган йили Қорақалпоғистонга Кореядан 39,2 миллион доллар миқдоридаги инвестициялар киритилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида 40,1 миллион долларини ташкил қилди. Бугунги кунда ушбу давлат инвесторлари иштирокида 9 корхона рўйхатга олинган.
Яна бир йирик лойиҳа – Жанубий Кореянинг “Эвегринмоторс групп” ҳамда “Хвачон плант констракшн” компаниялари томонидан Қораўзак ва Беруний туманларида умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган иккита цемент заводи қурилиши режалаштирилмоқда. Ушбу заводлар ишга тушиши билан 500 янги иш ўринлари яратилади.
Қўнғирот, Хўжайли, Шуманай туманларида ва Нукус шаҳрида қиймати 5 миллион долларилик иссиқхоналар қуриш бўйича кореялик ҳамкорлар ва маҳаллий ҳокимликлар ўртасида меморандум имзоланди. Иссиқхоналар ишга тушиши билан ҳар бирида 80 та янги иш ўринлари пайдо бўлади.
Келгусида Жанубий Кореянинг гидропоника технологияси бўйича илғор тажрибаларини кенг жорий қилган ҳолда иссиқхона хўжалигини ривожлантириш, соғликни сақлаш соҳасида тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини орттириш, таълим, мактабгача таълим, туризм, фармацевтика соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилишни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилмоқда.