Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида Хотин-қизлар қўмитасининг 2014-2018 йиллардаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари сарҳисоб қилинмоқда.
 
photo5256168375866992953.jpg
Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди. Маърузачи асосий эътиборни қўмитанинг устувор вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига қаратмоқда.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўзида хотин-қизлар қўмиталари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан уйма-уй юриш орқали аниқланган 245 минг нафар ишсиз хотин-қиз бандлигини таъминлашга эришилди. Бу борада жойларда маҳаллалар кесимида хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, 2018 йилда 10 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар бандлиги таъминланди ва ушбу мақсадлар учун 38 млрд. 261 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан фойдаланилмай турган корхоналар, бўш биноларни қайта таъмирлаш ва ишга тушириш ҳисобига 2018 йилнинг ўтган даври давомида 2 минг 346 та кичик цех ташкил этилиб, 16 минг нафарга яқин аёлнинг бандлиги таъминланган.
Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда

 

Насиба Зиёдуллаева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА