Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатномаси эълон қилинганига бир йил бўлди.

Халқимизнинг қалбида катта умидлар, эртанги кунига ишонч уйғотган мурожаатнома кенг қамровлилиги, режа ва мақсадлар аниқлиги, муҳими ҳаётбахшлиги билан юртимиз ҳаётида катта воқеликка айланди. Нафақат халқимиз, балки миллий, халқаро таҳлилчилар эътибори, эътирофига сазовор бўлди.

2017 йил 22 декабрь куни тақдим этилган мурожаатнома – дастурий ҳужжатда қўйилган вазифалар қай даражада бажарилди ёки нималар эътибордан четда қолди?

Бу ҳақда ЎзА мухбири турли соҳа вакиллари билан суҳбатда бўлди.

– Мурожаатномада халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шартлиги алоҳида қайд этилган. Адолатни таъминлашда эса суд ҳокимияти муҳим ўрин тутади. Кейинги бир йилда бу тизимда қандай ўзгаришлар бўлди?

– Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш бўйича кўплаб чоралар амалга татбиқ этилди, – дейди Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. – Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим.

Одил судловни амалга ошириш мақсадида судлар асосан сайёр суд мажлисларида кў­риб чиқилмоқда. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан аҳоли билан 4 минг 393 учрашув ва очиқ мулоқот ўтказилди.

Натижада низоларни суд­гача ҳал қилиш, аҳолининг ҳу­қуқий маданиятини ошириш, юртдошларимизнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида қулай имконият­лар туғилди. Қолаверса, сайёр суд мажлислари туфайли фуқаролар ортиқча оворагарчилик ва харажатлардан халос бўлмоқда.

Олий суднинг янгиланган расмий веб-сайти ишга туширилди. Унда фуқаролар ва юридик шахслар учун янги интерфаол хизматлардан фойдаланиш имконияти мавжуд. Энг муҳими, сайт орқали суд мажлисларининг онлайн-трансляцияси жорий этилди.Суд мажлисларининг онлайн-трансляцияси, албатта, фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан амалга оширилади.

Ахборот тизимининг судлар фаолиятига кенг жорий этилиши ишларни судьялар ўртасида инсон омилисиз, адолат ва холислик тамойилларига асосланган ҳолда тенг тақсимлаш имконини беряпти.

Судларда ноқонуний ва асоссиз айбланган юзлаб ҳамюртларимиз оқланиб, эл-юрт, маҳалла-кўй олдида юзлари ёруғ бўлмоқда. Шу ўринда айрим рақамларга мурожаат қилсак. 2018 йил 11 ойида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 44 минг 801 нафар шахсга нисбатан 35 минг 31 иш кўриб чиқилди. Бу жараёнда 719 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди. 2 минг 449 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши туфайли суд залидан озод қилинди.

Ярашув институтининг самарали қўл­ланилиши натижасида 8 минг 664 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Етказилган 294,2 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 3 мингга яқин шахс­га нисбатан озодликдан маҳрум қи­лиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 172 мингга яқин иш кўриб чиқилди ва 147 минг 351 ҳал қилув қарори чиқарилди. Уш­бу қарорлар бўйича талабларнинг 83 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди. Олий суд судлов ҳайъатларида 3 минг 242 иш кўрилган бўлса, уларнинг 82,9 фоизи ҳал этилди.

Бир сўз билан айтганда, судлар том маънода адолатни таъминлаш, фуқаролар, юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида изчил фаолият юритишни давом эттирмоқда.

– Давлатимиз раҳбари мурожаатномасида ташқи сиёсат борасида эришилган ютуқлар билан бир қаторда дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш масаласига ҳам урғу берилган.

– Вазирлигимиз фаолияти очиқлигини таъминлаш, устувор ташқи сиёсий ва иқтисодий вазифаларни бажариш юзасидан қилинган ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдондаги сиёсатини амалга ошириш жараёни бўйича жамоатчилик хабардорлигини таъминлашга ёрдам берди, – дейди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Неъматов. – Давлатим
из раҳбарининг узоқни кўзлаган прагматик сиёсати туфайли сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон ташқи сиёсати сезиларли даражада фаоллашди. Мавжуд муаммоларни ҳал қилишда янги ностандарт ёндашувлар жорий этилди. Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги халқаро нуфузи мустаҳкамланди.

Жаҳоннинг етакчи давлатлари билан ҳам ўзаро манфаатли алоқалар сезиларли жадаллашди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши – яқин қўшниларга нисбатан очиқ ва конструктив сиёсат олиб бориш, Марказий Осиёдаги муаммоларни тенглик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш ва оқилона келишув асосида ҳал этишга қаратилган ишлар амалга оширилди.

2018 йилнинг 10 ойи давомида маҳаллий товарлар ва хизматлар экспорти 10,3 миллиард долларни ташкил этди. 2018 йил январь-август ойларида республикага 1,44 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди.

Жами 1,6 миллиард долларлик 61 янги лойиҳа доирасида қўшма корхоналар ташкил этилди. Умуман олганда, 2018 йил мобайнида 1400 га яқин янги қўшма корхона ва хорижий корхоналар ташкил этилди.

Мамлакатга сайёҳлик оқимини ошириш учун кўплаб ишлар қилинди. Ўтган даврда Ўзбекистонга 4 миллион хорижий фуқаро ташриф буюрди. Хориждаги ваколатхоналар 250 га яқин Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик салоҳияти бўйича тақдимот ўтказди ва 50 дан ортиқ туристик кўргазмалар ташкил этилди.

Президентимиз мурожаатномасида Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланган.

Юксак минбарда айтилган бу сўзлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга бўлган эътиборнинг ёрқин намоёни сифатида жаранглади.

– Бу жиноятчиликка қарши курашувчи тузилма – ички ишлар органлар зиммасига катта масъулият юклади. Бу борада ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимда амалга оширилаётган ишлар қандай самара бермоқда?

– Давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаатномасида ички ишлар идораларини чинакам “Халқпарвар ички ишлар идоралари”га айлантириш зарурлигига эътибор қаратилди, – деди Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддин Бурҳонов.–Бу фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, ички ишлар органлари хизмат фаолиятини халқ манфаатлари йўлида тўлиқ сафарбар этилишини тақозо қилди.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 минг 974 тага ёки 34,9 фоизга камайишига эришилди.

Соҳа фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида, барча шаҳар-туманларда ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Бу тузилма ёшларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини мунтазам равишда юксалтириб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу амалиёт натижасида жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 37 фоизга камайишига эришилди.

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган фаолият кучайтирилгани туфайли жорий йилнинг 11 ойида 9 минг 15 маҳалланинг 27,9 фоизида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Ички ишлар органлари фаолияти ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, халқ олдида тизимли равишда ҳисобот бериб бориш амалиёти жорий этилди.

Жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органларининг тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар ва маъмурий қамоқни ўташ жойлари видеокузатув мосламалари билан таъминланди. Халқаро стандартлар асосида энг сўнгги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланди. Аввал мавжуд бўлмаган бу имкониятлар инсон ҳуқуқларига зид бўлган турли ҳаракатларнинг олдини олмоқда.

Фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида, вазирлик тизимида ягона “1102” қисқа рақамли “ишонч телефони” жорий этилиб, фуқароларнинг барча мурожаатлари юзасидан қонуний чоралар кўриб борилмоқда.

ИИВда тузилган янги таркибий қисм – Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш хизмати томонидан туристлар кўп ташриф буюраётган Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида объектларда сайёҳлар оқимидан келиб чиққан ҳолда хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилаётир.

Бу каби амалий ишлар халқимизнинг манфаатларини таъминлаш, Ватанимизнинг жаҳонда тутган ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА