Тошкентдаги Инҳа университетида банк хизматлари ва амалиётларини автоматлаштириш бўйича Молия технологиялари марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказ университет ва “Ўзсаноатқурилишбанк“ акциядорлик тижорат банки ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга мувофиқ ташкил этилди.

Тошкентдаги Инҳа университети ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалолов ва “Ўзсаноатқурилишбанк“ АТБ бошқаруви раиси Азиз Воитов тадбирни очар экан, марказ университет талабаларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда банк ишининг барча йўналишлари бўйича назарий билим ва кўникмаларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда мустаҳкамлаш имкониятини тақдим этишини таъкидлади. “Ўзсаноатқурилишбанк“нинг Молия технологиялари маркази банк соҳасида қўлланиладиган энг замонавий компьютер ускуналари ва дастурий таъминотга эга. Бу янги софт ва инновацион молия технологияларини ишлаб чиқиш учун зарур ижодий муҳитни яратиш имконини беради.

Тадбир доирасида янги марказ вазифа ва имкониятлари намойиш этилди. Хусусан, марказ мутахассисларни банк ва молия соҳаларида қўлланиладиган замонавий технологияларга ўқитиш базаси вазифасини ўтайди. Университет талабалари мамлакатимиз банк фаолиятига интеграция қилинадиган янги дастурий маҳсулот ишлаб чиқиш ва яратишда иштирок этишлари мумкин.

 

Роман Бондарчук, ЎзА