"Стартап ташаббуслар – 2018": ёшларни янги ғояларга чорлайди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқида ўтказилган ёшларнинг стартап-ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастурининг якуний босқичида 16 жамоа ўз лойиҳалари билан қатнашди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, БМТнинг Тараққиёт дастури ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси молиявий кўмагида ташкил этилган тадбир ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий фаоллигини оширишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Анъанавий ташкил этиб келаётган дастурда иштирок этиш учун 510 жамоа лойиҳасини тақдим этган бўлса, улар орасидан 92 жамоанинг лойиҳаси саралаб олинди. Бу гал таълим соҳасига оид лойиҳалар, виртуал реалликка асосланган савдо майдончалари, стартаплар ва бошқа лойиҳалар, шунингдек, ишлаб чиқариш бўйича хизматлар, савдо ва умумий овқатланишни бошқаришнинг автоматлашган тизимлари ҳамда тиббиёт, реклама, туризм соҳасидаги бошқа лойиҳалар тақдим этилди.

Финалда намойиш этилган стартап-лойиҳалар «Стартап-ташаббуслар» дастури иштирокчиларининг узоқ давом этган меҳнати самараси дейиш мумкин. Негаки, дастур давомида жамоаларнинг етакчилари ва аъзолари мураббийлар раҳбарлигида назарияларини синовдан ўтказиб, минимал иш моделларини яратди. Уларни амалиётда текшириб кўрди. Камчиликларини таҳлил қилиб, уни такомиллаштиришга муваффақ бўлди. Шунингдек, улар амалий семинарда ҳамда Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи экспертлари иштирокида тақдимотларни тайёрлаш бўйича тренингда қатнашиб, билимларини янада мустаҳкамлашга эришди.

Иштирокчилар тақдим этган лойиҳаларга эътибор қаратайлик. «Little Big Media» – рақамли рекламани жойлаштириш учун супермаркетларда самарали майдончани тақдим этишга доир хизматдир. Майдон экран (7-8 дюйм) ўрнатилган гаджетдан ҳамда супермаркет харидорларининг смартфонларини қувватлантириш имконидан иборат. Гаджет харидор аравачасининг тутқичига маҳкамланади. «Kontrakt.uz» лойиҳаси эса шартнома асосида таълим олаётган талаблар учун вақт ва маблағни тежашга қаратилган дастур. Дастурий таъминот шартнома бўйича қарздорликни билиш, тўлаш ва тўловларни олиш имконини беради. Дастурий таъминот онлайн, Android платформасида ишлайди ва у электрон тўлов тизимлари билан интеграцияланган.

Самарқанд иқтисодиёт ва cервис институти талабалари Абдулазиз Суяров ва Муборак Гадоева ҳам тадбир иштирокчиларидан. Бу икки изланувчан талаба ўз устида ишлашни яхши кўради. Янги ғоялар ва ташаббускорлик уларнинг севимли одатига айланган.

17-faqat saytga.JPG

– Вилоятимиз бўйича 20 жамоа лойиҳасини тақдим этган эди, – деди улар. – Бироқ улар орасидан 2 жамоанинг лойиҳаси финалга лойиқ кўрилди. Бундан биз жуда хурсандмиз. Аслида, шу босқичга етиб келишнинг ҳам ўзи бўлмади. «Электрон овқатлантиришни ташкил этиш» лойиҳамиз туризмни ривожлантиришда қўл келади, деб ўйлаймиз. Институтнинг сервис ва туризм факультетида таълим олаётганимиз боис айнан шу йўналишда лойиҳа устида изланишга қарор қилдик. Ёшлар учун қизиқарли бўлган бу каби тадбирлар мамлакатимизда ўсиб-улғаяётган авлодни ижодга, изланишга ва мустақил янги ғоялар устида ишлашга туртки беради. Дастурнинг ягона мақсади ҳам шунга қаратилган.

Якунда лойиҳа ғолиблари аниқланиб, ташкилотчиларнинг диплом ва совғалари билан тақдирланди.

 

Насиба Зиёдуллаева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА