Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қарши шаҳрида Қашқадарё вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. 
Вилоят фаоллари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари иштирок этаётган видеоселектор йиғилишини шаҳар ва туманларда кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб бормоқда.
Жорий йилда қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 28 та қишлоқ ва 4 та маҳалла обод қилиниб, уларда яшаётган 300 минг аҳолининг турмуш шароити яхшиланди.
Жумладан, 17 мингта ҳовли-жой, 193 та кўп қаватли уй, 82 та ижтимоий соҳа объекти, юзлаб километр йўл ва кўчалар, сув ва электр тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунга қарийб 300 миллиард сўм сарфланди.
Президентимиз жорий йилда вилоят аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасида сезиларли ишлар қилинганини, бу келаси йилда ҳам изчил давом эттирилишини қайд этди. Натижада 219 минг аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.​​

 

ЎзА