Халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар ишга солинади

Президентимиз 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказларининг Қарши филиаллари лойиҳаси билан танишиб, бу филиалларнинг ташкил этилишидан мақсад аҳолига янада кўпроқ қулайлик яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлаган эди. 

Қисқа вақт оралиғида мазкур лойиҳалар асосида жадал қурилиш ишлари бажарилди, илгари фойдаланилмай турган ҳудудда туташ жойлашган марказ филиаллари атрофи ободонлаштирилди. Бу ерга кираверишингиз билан ҳовлидаги чиройли ўриндиқлар, тунги чироқлар, гуллар, майсазор ва арчалар билан гўзаллашган ландшафт манзараси қалбингизга ажиб сокинлик бағишлайди.

Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюриб, беморлар учун яратилган шароитлар, тиббий асбоб-ускуналар, малакали кадрлар таъминоти, замонавий даволаш усуллари билан танишди.

Ҳозирча республикамизда мавжуд имкониятлари билан ягона ҳисобланган мазкур илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳудуд аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди. Бугунги кунда вилоятда 68 мингга яқин бемор юрак-қон томир касалликлари ташхиси билан диспансер назоратида туради. Жарроҳлик амалиётига муҳтож беморлар сони эса 4 мингдан зиёдни ташкил этади. Шу кунга қадар бу беморлар Тошкентга ёки чет элларга бориб даволанишга мажбур эди. Бу, албатта, миллионлаб сўм маблағ талаб қилади. Хорижда даволаниш нархининг қимматлиги ҳақида эса гапиришнинг ўзи ортиқча.

Мазкур марказ филиалининг Қарши шаҳрида очилиши нафақат, қашқадарёликлар, балки бошқа вилоятлар ва қўшни республикалар аҳолиси учун ҳам беминнат хизмат қилади.

120 ўринли Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида реабилитация ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, артериал-гипертензия, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжалланган поликлиника фаолияти йўлга қўйилади.

Марказ юрак-қон томир касалликларига ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур барча замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу асбоб-ускуналардан самарали ва тўғри фойдаланиш ниҳоятда муҳимдир. Бунинг учун замонавий тиббиёт илмини чуқур ўзлаштирган, тажрибали ва ўз касбининг фидойи мутахассислари зарур.

Марказга юрак-қон томир касалликларини даволашда илғор тажрибага эга, Россия, Германия каби давлатларда таҳсил олган, малакасини оширган шифокорлар жалб қилинган. Улар ўз тажрибаси ва билимларини вилоятдаги ҳамкасбларига ҳам ўргатади.

Марказда коронарография, вентрикулография, томирлар ангиографияси, коронар томирларни стенлаш, баллонли вальвулопластика, бўлмачалараро ва қоринчалараро тўсиқ нуқсонларини окклюдер ёрдамида бартараф этиш, аортакоронар шунтлаш, юрак орттирилган нуқсонларидан клапанларни протезлаш, аорта ва унинг шохларида, юрак туғма нуқсонларида қилинадиган жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Вилоятнинг 33 мингдан зиёд аҳолисига эндокринологик касалликлар ташхиси қўйилган. Улар орасида юзлаб болалар бор. Маълумотларга кўра, 2017 йилда 3,5 мингдан зиёд эндокринологик касалликларга чалинган қашқадарёлик бемор Тошкентда даволанган. Гап шундаки, шу кунгача ҳудудда эндокринология хизматини кўрсатадиган бош муассаса – вилоят эндокринология диспансери бўлиб, у 1980 йилда ташкил этилган, ишлаш тизими ҳамон эскича эди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган 150 ўринли янги марказ ана шу беморлар эҳтиёжини тўлиқ таъминлашга хизмат қилади. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва болалар, қалқонсимон без касалликлари ва эндокрин жарроҳлик, диабетик тўпиқ жарроҳлиги, лаборатория-диагностика каби бўлимларни, 50 қатновга мўлжалланган поликлиникани ўз ичига олган марказда йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Марказни малакали мутахассислар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Икки нафар шифокор хорижда малака ошириб қайтди. Улар тажрибасини оммалаштириш ишлари йўлга қўйилган. Бу ерда амалга оширилган асосий янгиликлардан бири – Диабет мактаби фаолияти йўлга қўйилгани. Мазкур мактабда малакали ҳамширалар қандли диабетга чалинган беморларга ўз-ўзини назорат қилиш, касалликнинг келиб чиқиш омиллари, унинг олдини олиш йўллари, болаларга эса нон бирлигига асосан тўғри овқатланиш тартиби ўргатилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур тиббиёт муассасалари билан танишиб, бу ерга малакали мутахассисларни жалб қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қамрови ва сифатини янада ошириш юзасидан топшириқлар берди.

– Қарши шаҳридаги кардиология ва эндокринология марказлари бошқа вилоятларга намуна бўлиши керак. Бунинг учун, аввало, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш зарур. Асосий мақсадимиздан бири – халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш. Бунинг учун биз барча имкониятимизни сафарбар этамиз. Токи бу ислоҳотларимиз самарасини халқимиз бугун, кундалик ҳаётида сезсин, – деди давлатимиз раҳбари.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА