Қашқадарё вилоятида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгаяди
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган дастурга асосан Қашқадарё вилоятида енгил саноат тармоғида 10 дан зиёд йирик истиқболли лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Ўтган даврда уларнинг айримларида ишлар якунланиб, янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Қарши шаҳридаги “Sulton teх group” корхонаси ана шу саъй-ҳаракатларнинг самарасидир.

Мазкур корхона жойлашган ҳудуд бундан икки йил муқаддам собиқ пахта заводига қарашли қаровсиз ерлар эди. Давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида Қашқадарё вилоятида амалга ошириладиган енгил саноат лойиҳалари қаторида “Sulton teх group” корхонасини барпо этиш ҳақида ҳам маълумот берилган эди. Асосий мақсади пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали ташқи бозорларда талаб юқори бўлган тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлган мазкур корхона вилоятда енгил саноат тармоғини ривожлантиришда муҳим лойиҳалардан биридир.

Ўтган даврда лойиҳа учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 10,4 миллион доллар кредити ва корхона таъсисчисининг 6,6 доллар ўз маблағи йўналтирилиб, пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш корхонасини қуриш бошлаб юборилди. Орадан кўп ўтмай, жорий йил бошида лойиҳанинг дастлабки босқичи – йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика ишга туширилди.

Президентимиз вилоятга ташрифи давомида ушбу корхонада бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди.

Юз фоиз пахта толали ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада энг замонавий технологиялар асосида пахта толасидан юқори сифатли ип-калава тайёрланмоқда. Корхонада Швейцария ва Япониядан келтириб ўрнатилган энг сўнгги русумдаги тозалаш, йигириш ва ўраш ускуналарида 300 га яқин ишчи меҳнат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида корхонада 5 минг 800 тонна ип-калава ишлаб чиқарилди. Шундан 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Польша, Туркия, Эрон, Миср каби ўнга яқин мамлакатга экспорт қилиниб, 50 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорга етказиб берилди.
Корхонада толани тозалашдан тортиб, ўрашгача бўлган барча жараён автоматик тарзда бошқарилади. Бу ердаги лабораторияда тола ва ип сифати қаттиқ назоратга олинган.

Давлатимиз раҳбари ушбу лаборатория фаолияти билан ҳам танишди. Президентимизнинг ташрифи чоғида лойиҳанинг иккинчи босқичи – йилига 3 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга тўқув фабрикаси фаолиятига старт берилди.

Умумий қиймати 53 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган корхонанинг навбатдаги босқичларида мато тўқиш, уни бўяш, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жумладан, тикув маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси 2019 йил январь ойида ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 3 миллион доллардан иборат бўлиб, ишлаб чиқариш ускуналари Европанинг илғор технологияларидан иборат. Фабрика ишга тушиши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиб, йилига 9 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда корхонада энг самарали иқтисодий тизим бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинган бўлиб, бунинг учун Қарши тумани ҳудудидан 10 минг гектар ер майдони ажратилган. Хуллас, пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот қилиб сотишгача бўлган жараён ушбу корхонанинг ўзида амалга оширилади. Бу маҳсулот таннархи арзонлашиши ва сифат даражасининг ошишига олиб келади, вилоятда жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилади.

Шавкат Мирзиёев корхонанинг кейинги босқичларини тез ва сифатли амалга ошириш, тайёр маҳсулот турларини ва экспорт географияси янада кенгайтириш, пахта-тўқимачилик кластерини такомиллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

0d7ca558-0074-1198-5c3b-fc02fcd880c9.jpg

af22ff04-0214-ff5c-5a32-63c21c8b01d7.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА