Онлайн. Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. 
Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Н.Йўлдошев очиқ деб эълон қилди.
Мажлисда 28 масала кўриб чиқилади. Шундан 17 таси қонунлардир. Улар орасида “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Уруғчилик тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар бор.
Шунингдек, Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама этилади.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг, ташқи ишлар вазирининг ахборотлари, Фарғона вилояти ҳокимининг ҳисоботи, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси раисининг Комиссия фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилади.
2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастури тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповга контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимовга имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлашга оид масалалар кўриб чиқилади.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар моҳияти ҳақида батафсил маълумот бериб борамиз. Сайтимизни кузатиб боринг!

 

Норгул Абдураимова, ЎзА​