Ҳайдовчи ЙПХ ходими томонидан тўхтатилганда машинадан тушишга мажбурми?

Кўп баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган ҳолат бор. Бу ҳайдовчи ва йўловчиларни текширув вақтида автомобиль кабинасидан чиқиш ёки чиқмасликлари масаласидир. Янги қабул қилинган қарорда бу масалага ҳам ойдинлик киритиб кетилган.
 
photo5359563082088687979.jpg
Эндиликда қуйидаги ҳолатларда ЙПХ ходими ҳайдовчи ёки йўловчилардан транспорт воситаси кабинасидан чиқишини талаб қила олади.
транспорт воситасидаги техник носозликни ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш мақсадида;
ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқараётган деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлганда;
транспорт воситасининг двигатель ва агрегат қисмлари рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамларни бевосита ҳайдовчи иштирокида солиштириш мақсадида;
транспорт воситасига тегишли ҳужжатлар ёки унда олиб кетилаётган юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурати юзага келганда;
ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилинаётганда, ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасида бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолларда яъни ҳайдовчининг руҳий ҳолатига, ёшига, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори воситалари таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида, транспорт воситасини бошқара олишига шубҳа бўлганда;
Жисмоний нуқсони сабабли ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасидан чиқиш имконияти чекланган ҳолатлар бундан мустасно.
Юқоридаги вазиятлар кузатилмаганда ЙПХ ходими ҳайдовчи ва йўловчиларни транспорт воситасидан тушишини талаб этишга ҳақли эмас.
Бу ҳақда бугун Тошкент шаҳар ИИББ томонидан журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилинди.

 

Анора Содиқова, ЎзА