Иқтидорли ёшларга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони топширилди

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшларга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони топширилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ёшлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, улар ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён қилишлари, юксак илми, фидойилиги билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишлари учун барча шароит мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг жаҳон андозалари даражасида таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, ўз салоҳияти ва интилишларини рўёбга чиқариши учун яратилган кенг шарт-шароитлар самарасида йигит-қизларимиз турли соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.

2003 йилдан буён “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан юксак ватанпарварлик, фидойилик туйғуси, меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳратини юксалтиришга, унинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилаётган, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, тенгдошларига намуна бўлаётган ёшлар тақдирланмоқда. Бугунги кунда бу кўкрак нишони билан мукофотланган ёшлар сони 551 нафарни ташкил этади.

29.JPG

Ушбу кўкрак нишонига номзодлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қуйи ташкилотлари ва жамоатчилик томонидан тақдим этилиб, совриндорларга мукофот Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг қарори асосида берилади.

Бугунги кунда Ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилоти жами 10 миллион нафардан ортиқ ёшларни бирлаштиради. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрларни етиштириб бермоқда. Ёшларнинг уй-жой билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш мақсадида 2018-2021 йилларда кўп қаватли уйлар барпо этиш режалаштирилган. Банклар ёшларга уй ёки машина сотиб олиши учун кредитлар ажратмоқда. Ёшлар иттифоқи Қозоғистон, Россия ва Хитой каби кўплаб хориж давлатларидаги ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Иттифоқда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилиб, хорижда ишлаб юрган ёки таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан ҳам алоқалар йўлга қўйилган.

“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонининг топширилиши ёшларни янада жипслаштиришга, уларни бир куч бўлиб, ўз билим ва истеъдоди, фидойилиги билан Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга рағбатлантирмоқда.

Маросимда илм-фан, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда ўқиётган, ишлаётган ҳамда илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиб, юксак натижаларга эришаётган 41 нафар йигит-қизга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони тантанали топширилди.

Тақдирланганлар орасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иқтидорли талабалари илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Шоҳрух Боймуродов ҳам бор.

– Мана шундай мукофот билан тақдирланишимиз мамлакатимизда биз, ёшларга катта эътироф ва эътибор самарасидир, – дейди Ш.Боймуродов – Ёшларга дарс бериш ва машғулот ўтиш тизимининг янгича усуллари бўйича 4 та шахсий муаллифлик технологиясини ишлаб чиққанман ва айнан шу технологиялар учун кўплаб ютуқларга эришдим. Илмий изланишларим ёшларни амалиётга тайёрлигини, уларнинг билими ва салоҳиятини аниқлаш учун шароит яратиб беради. Албатта, асосий мақсадим – барча ёшлар қатори келгусида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишдир.

Жорий йилда мазкур кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ҳам тақдирланди. Хусусан, “Россия ёшлар иттифоқи” Умумроссия жамоат ташкилоти раиси ўринбосари Татьяна Селиверстова ҳамда “Hi China“ дунё ёшларини ривожлантириш форуми ижрочи президенти Лью Сининг фаолияти мазкур мукофотга муносиб топилди.

– Мана шундай юксак мукофотга лойиқ кўрилганим менда чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотди, – дейди Лью Си. – Бу халқаро тоифадаги биринчи мукофотимдир. Биз Ўзбекистон ва Хитой ёшлари ўртасида 2+2 лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб бораяпмиз. Лойиҳада икки давлат ёшларининг таълим соҳасида тажриба алмашиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, инвестиция соҳасида ҳам бир қанча ишларни амалга оширмоқдамиз. Хусусан, келгуси йилда бир миллиард долларлик сармоя жамғармасини ташкил қилиб, Хитойдан инвесторларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшамиз.

Тадбир ёш ижрочилар ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

 

Даврон Суннатов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА