Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси билан Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасида муаллифлик ва турдош ҳуқуқларнинг ҳуқуқий ҳимояси халқаро стандартларини жорий қилиш” мавзуида семинар ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2018 йил 30 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Женева конвенциясига, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномасига ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг ижролар ва фонограммалар бўйича шартномасига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари қабул қилинди.

Семинарнинг мақсади юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳаларига киритилган халқаро шартномалар ва конвенцияларнинг санъат, адабий ва бадиий асарлар муаллифлари, ижрочилар ва уларнинг фонограммаларни такрорлаш борасидаги ҳуқуқларини муҳофаза қилишдаги аҳамияти тўғрисида кенгроқ маълумот бериш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг юқоридаги халқаро шартномаларга қўшилиши муносабати билан мамлакатимиз ўз зиммасига олган мажбуриятлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоялаш, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро шартномалар талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқни қўллаш миллий амалиётини такомиллаштиришга оид масалалар қизғин муҳокама этилди.

Иштирокчиларининг эътироф этишларича, Ўзбекистон Республикасининг кўрсатиб ўтилган халқаро ҳужжатларга қўшилиши республикамизнинг жаҳон ҳамжамияти қаршисида адабий ва бадиий асарлар муаллифлари, ижрочилар, фонограмма ишлаб чиқарувчилар ва эшиттириш узатувчи ташкилотларнинг ҳуқуқлари муҳофаза қилинишига тегишли халқаро ҳуқуқий нормаларга оғишмай амал қилиш истаги барқарор эканлигидан гувоҳлик беради.

Экспертлар шартномалар ратификация қилиниши тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилинишини ижобий баҳолаб, қисқа муддат ичида мамлакатимизда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси, ишбилармонлик муҳити ва умуман олганда, инвестицион муҳитни яхшиланишини таъкидлаб ўтдилар.

 

Нурилло Насриев, ЎзА