Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
 
photo5206542146180589938.jpg

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала киритилмоқда.

Шунингдек, ялпи мажлис кун тартибига Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини ижро этишга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини, баъзи давлат органлари фаолиятини, қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар шулар жумласидандир. Шу билан бирга, халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар ҳам кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, сенаторлар ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг вазирликнинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитадилар.

Ялпи мажлисда Фарғона вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тингланади.

Сенаторлар фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси раисининг ахборотини эшитадилар ва 2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил қилиш дастури тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқадилар.

Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан парламент сўрови юбориш билан боғлиқ масалани муҳокама қиладилар.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн еттинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Сенат Кенгаши томонидан ишчи гуруҳ тузилди.

Мажлисда Сенат Кенгашининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

ЎзА