Мен буларни ўз хоҳишим ва виждоним амрига кўра ёздим. Ҳеч ким мажбурлаган эмас.
Жиззах давлат педагогика институти талабасиман. Интернет, газеталар орқали босма нашрларнинг бугунги аҳволи, обуна масаласи ҳақидаги мақолаларни ўқиб, ўз фикримни билдиргим келди.
Босма ОАВ тўғрисидаги турли баҳс-мунозараларда кимлардир газеталар “ўлди”, дейишгача бораяти. “Дунёда газета яшайди, Ўзбекистонда “ўлади” – шу фикрга ёпишиб олаётганларга раҳмим келади. Тармоқ нашрларининг аксариятини “Мажбурий обуна”сиз “яшай олмаслиги”ни “кашф” қилдик. Эндиги вазифамиз нима? Миллий матбуотимизга, тарихимизга, ота-боболаримизга тошни қай баҳона билан отамиз?
Мен бир талабаман. Ижтимоий сайтлардаги “ғийбатлар” роса асабимни бузди. Қизиқ-да, агар матбуотнинг умри тугаган бўлса, нега “кимлардир” ғам чекаверади. Қўйинг, газетани ўз ҳолига. Биз, талабалар уззу-кун интернетдан бўшаб уни қўлимизга ушлайлик. Ҳамма бало интернетда ўзи. Яхшими, ёмонми — ҳамма нарса бор у ерда. Аммо, шу пайтгача газетадан ёмонлик кўрибди, турли оқимларга кириб кетибди, ахлоқан бузилиб кетибди, деб эшитмадим.
Обуна бўлиш ихтиёрий, газета ўқиш мажбурий бўлиши керак. Айниқса, талаба-ёшлар учун матбот сув ва ҳаводай зарур. Биз китоб, газета-журнал орқали билим савиямизни мустаҳкамламасак, кутубхоналарда ўтириб мутолаа қилмасак, эртага қайси юз билан зиёлиман дея оламиз? Ёки шундай қилсак, кимлардир мажбурий газета ўқитгани учун ишдан кетадими? Бор гап-да! Нима деймиз, савияси учун ўқишга мажбур қилди. Шунга ишдан олинсин, деймизми?
Ўзини зиёлиман деб билган киши мутолаани канда қилмайди. Китоб, журнал, газета – зиёлининг маънавий озуқаси. Хўш, шундай экан, зиёли ким? Биз жамиятимизда кимларни зиёлилар қатлами, дея билишимиз керак? Аслида ҳам биз билган зиёлилар газета ўқишяптими?
Жорий йилда айрим университет ва институтларга қабул жараёнларининг нотўғри ташкил этилганини “билиб” қолдик. Хўш, унгача-чи? Билмасмидик? Рости, билардик. “Бўм-бўм” бошлар ҳам “олий маълумотли” бўлиб кетгани бизга маълум-у, сизга номаълум эмас. Бу борада қулоғингизга ваъзхонлик қилиш ниятим йўқ. Демоқчи бўлганим, мутахассислик фанидан – 0 бўлган “зиёли” газетани қўлига ушлармиди? Унга маънавият нима-ю, маърифат нима? Ойлигини олса бўлди-да!
Онам ўқитувчи бўлганлиги учун уйимизга “Тонг юлдузи”, газетаси “Гулхан” журнали келиб турарди. Ўйинқароқ бўлганим учун, очиғи, ўқишга унчалик қизиқмасдим. Онам ўша пайтлари газеталарда босилган шеърларни ёдлатарди. Яширмайман, “мукофот” олиш учунгина ёдлардим. Аста-секин матбуотга қизиқишим ошди. Туман нашрларида уч-тўртта шеърим босилди-ю, қўлимдан газета тушмайдиган бўлиб қолди. Хуллас, мутолаага қизиқдим. Унга меҳр қўйдим. Айтмоқчиманки, мен каби ёшлар жуда кўп. Айнан уларнинг илм йўлини танлашига, зиёлилар қаторига қўшилишига туман нашрлари “пойдевор” бўлиб хизмат қилган. Биз эса бу нашрларга “мағзавани” ағдаряпмиз, кераксиз, зарарли, деяпмиз. Тўғри, айрим туман газеталари мажбурий обунасиз яшай олмас. Аммо бу яшамасин, дегани эмас-ку! Шахсан мен туман нашрларини қандай бўлмасин сақлаб қолиш тарафдориман. Қанча пул кетса-да. Кимларнинг ёки қайси ташкилотнинг ҳисобидан кетса-да. Албатта, мажбурий обуна ҳисобига эмас!
Интернетни кузатиб боришимни айтдим. Бир кунда қанчадан қанча маълумотларни ўқийман. Аммо кечга бориб эсимдан чиқиб кетади. Бу хотирани чатоқлигиданмикин? Ундай бўлмаса керак. Негаки “Hurriyat” газетасида босилган “Газетхон халқ” сарлавҳали мақола ҳали ҳам ёдимда. Нега шундай экан-а?
Телевизор кўриш, радио эшитиш, ҳатто интернет ковлаштириш ҳам ўқишнинг ўрнини босмайди. Негаки, уларда томоша ва кўнгилочарлик унсурлари устун бўлади. Шу сабаб, онг қатламларига сингиб кетмайди. Инсон уларни жиддий қабул қилмайди. Мутолаа эса, айнан кўнгилга бориб етиши билан фикрлаш доирасини кенгайтиради. У ўзингни ва бошқаларни янада яхшироқ, кенгроқ, батафсилроқ тушунишда ёрдам беради.
Хулосам шундай: инсоният йўқолиб кетган турлар ҳақида гапирганда, одатда динозаврлар ва мамонтларни эсга олади. Мен бир талаба сифатида айтаман: қайси турдаги нашр бўлмасин, мамонтлар қатори қирилиб кетишини хоҳламай ман. Ҳар бир нашрнинг ўз ўрни, ўқувчиси, ижодкор ёшлари мавжуд.
Дарвоқе, мен буларни ўз хоҳишим ва виждоним амрига кўра ёздим. Ҳеч ким мажбурлаган эмас.