“Ўзатом”-“Росатом”: англашув меморандуми ижроси таъминланмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик I форуми доирасида мамлакатимизда биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига старт берилди. 

Шунга мувофиқ, “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, оммавий ахборот воситалари вакилларининг атом энергетикаси ва ядро технологиялари борасидаги тушунчаларини ошириш мақсадида улар учун ўқув курсларини ташкил этиш, ядро-энергетика технологиялари ва бошқа қатор соҳаларга бағишланган халқаро анжуман ва кўргазмалар уюштириш кўзда тутилган.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг суратга олиш гуруҳи аъзолари Россия атом технологияларини ўрганиш мақсадида Нововоронеж атом электр станциясида бўлиб қайтди.

Ўзбекистонда Россия технологиялари асосида ВВЭР-1200 реакторли атом электр станциясини қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган. Нововоронеж АЭС-2 Ўзбекистон томонидан референт (ўхшаш) Россия технологияларига асосланган лойиҳа сифатида танланган.

Марказнинг бош продюсери Жаҳонгир Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, Нововоронеж атом электр станцияси ҳақида махсус репортаж яратиш ва бунинг асосий сабаби эса атом электр станцияси фаолияти, тартиб ва тамойиллари ҳамда хавфсизлиги тўғрисида халқимизга тўлиқроқ маълумотлар беришга қаратилган.

Иштирокчилар Нововоронеж АЭСи ва атомчилар шаҳрида бўлиб, «3+» авлодига мансуб инновацион энергоблокнинг асосий объектлари билан танишишга муваффақ бўлди.

Пресс-тур доирасида Москвадаги “Русатом-Халқаро тармоқ” компанияси бошлиғи Александр Мертен, «Москва муҳандислик-физика институти» Миллий тадқиқот ярдо университети ректори Михаил Стриханов, Нововоронеж АЭС директори Владимир Поваров ҳамда соҳа мутахассислари, шаҳар ҳокимияти вакиллари билан учрашувлар уюштирилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА