“PROlogue-2018” доирасида қизиқарли учрашувлар

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “PROlogue-2018” халқаро кинофестивали доирасида Ёшлар ижод саройида Россиянинг етакчи киноарбоби, режиссёр, актёр, сценарийнавис ва продюсер Владимир Меньшов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. 
1939 йилда Боку шаҳрида туғилган В.Меньшов кинонинг мафтункор ва заҳматли дунёси олдида катта ва сермашаққат йўлни босиб ўтди. Дастлаб Москва бадиий академик театри қошидаги В.Немирович-Данченко номли мактаб-студияни, сўнгра Бутуниттифоқ кинематография институтининг режиссёрлик кафедрасида аспирантурани тамомлаган. Унинг актёрлик таржимаи ҳолида 70 дан ортиқ роль мавжуд. Владимир Валентиновичнинг, айниқса, «Нофелет қаерда?», «Бузоқ йили», «Генерал», «Диверсант. Уруш охири», «Ликвидация» каби фильмлардаги роллари томошабинлар қалбидан жой олган.
1979 йилда унинг режиссёр сифатида тасвирга олган «Москва кўз ёшларга ишонмайди» картинаси 1981 йилда жаҳон кино оламидаги энг нуфузли Оскар мукофотига муносиб топилган. Оддий одамлар ҳаёти, муаммолари, қийинчиликларни муносиб енгиб ўтиши ҳақида сўзловчи ушбу фильм ўз вақтида прокат бўйича энг етакчи картина саналиб, уни 90 миллион томошабин кўрган. Манбаларда қайд этилишича, ўз даврида АҚШ президенти Рональд Рейган М.Горбачев билан учрашишидан аввал «Москва кўз ёшларга ишонмайди» фильмини саккиз марта томоша қилган экан.
Шуни таъкидлаш жоизки, В.Меньшов юртимизда ўтказилувчи халқаро кинофестивалларнинг доимий ва севимли меҳмони.
– Бугунги кунда Шарқ кинематографияси ўзини кўпроқ намоён этиб, мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди В.Меньшов. – Ёшлар кино соҳасида муваффақиятга эришишни истаса, кўпроқ театрларга боришини маслаҳат берган бўлардим. Негаки, айнан театрда ҳаёт қайнайди. У ижодий изланишларга туртки беради. Истеъдодларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш кино санъатида ғоят муҳимдир. “PROlogue – 2018” халқаро кинофестивали шундай мақсадларни кўзлагани билан диққатга сазовор.
Кинофестивалнинг навбатдаги кунида «Кинематограф ва ёшлар» мавзуидаги анжуман, тўлиқ метражли фильмлар халқаро танлови, россиялик моҳир оператор Сергей Астахов иштирокида маҳорат дарси ҳам бўлиб ўтди.

 

Н.Усмонова, ЎзА​​