Шароф Рашидовнинг сирли вафоти

Шароф Рашидовнинг ўлими ХХ аср сирларидан бири бўлса керак, деб ўйлайман. Вақт ўтиб боряпти. Шароф акани билган одамлар сони тобора камайиб боряпти. Бу одамнинг ўлими тафсилотлари билан воқиф одамлар ҳам саноқли қолган.
Шароф аканинг руҳи, элимиз, юртимиз олдидаги буюк хизматларининг ҳаққи-ҳурмати биз-замондошларнинг келажак олдидаги бурчимиз, – бу сирни кейинга қолдирмай, охирига етишимиз керак!
1982 йил шўролар давлатининг раҳбари Л. Брежнев 76 ёшда вафот этди. Унинг атрофидаги мункиллаб қолган сафдошлари ҳам бирин-кетин ўтдилар. Ҳокимиятни қўлга олган давлат хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Андропов бошқарув аппаратини тезлик билан тозалаб, атрофига ўзига садоқатли собиқ чекистлар (Алиев, Шеварднадзе)ни тўплай бошлайди. Узоқ йиллар мамлакат бошқарувида иштирок этиб келган Кириленко, Романов, Кунаев, Шербицкий ва бошқалар лавозимдан четлаштирилди.

НАВБАТ ШАРОФ РАШИДОВГА КЕЛИБ ҚОЛГАН ЭДИ

Ўзбекистон жиддий тараққий этган республика бўлиб, ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ва четга мол чиқаришдан тушадиган даромад бўйича шўролар тизимида 2-ўринда (Россиядан кейин) эди. Ўзбекистон пахта етиштиришда дунёда 2-ўринга чиқиб олган эди.
Айни вақтда республикамиз аҳоли бошига ўртача даромад ва бошқа муҳим кўрсаткичлар бўйича иттифоқдош республикалар ичида 11-14 ўринларни эгалларди.

Қаранг, шунақа ҳам контраст бўладими? Болтиқбўйи республикаларининг умум иттифоққа қўшадиган ҳиссаси арзимас бўлса ҳам, уларда аҳолининг ҳаёт даражаси Европа мамлакатлари даражасида эди. Буни энг юқори мансабдаги барча давлат раҳбарлари яхши биларди. Тошкентда метро қурилиши Шароф аканинг шахсан ҳаракати туфайли амалга оширилганини ким билмайди?

Москвадаги амалдорлар республика маблағи ҳисобига қурилган Санъат саройини “Ўзбекистонда бунақа бино эллик йилдан кейин қурилиши керак эди”, деган эдилар. Ваҳоланки, бундай ҳашаматли иншоотлар марказ ажратган маблағ ҳисобига бунёд этиларди.
Москванинг Марказий Осиё республикаларида аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган бирорта ҳукумат қарори ёки тадбири бўлганини ҳеч ким эслай олмайди. Аммо бу ерларда (ҳамма ердаги каби) юз берадиган салбий ҳолатлар (данғиллама тўйлар, порахўрлик ёки жиноятчилик) “Правда”, “Советская культура”, “Труд” газеталари саҳифаларининг зарбдор мақоласи бўларди.
Республикамизга қарши хуруж биринчи навбатда Шароф Рашидовга қарши қаратилган эди. Чунки бу одамнинг мамлакатда ва хориждаги мавқеи жуда баланд эди.
Шароф акага қарши ҳужум учун сабаб қидирилар эди.
Ўзимиздан чиққан бир гуруҳ тезотар “ватанпарварлар” пахта терими қизғин кетаётган вақтда “қўшиб ёзиш”, “пахтани момиқ ҳолига келтириб, давлатга топшириш” каби ғоялар билан марказий газеталарда (“Правда”) мақолалар эълон қилдилар.
Шароф ака мақолани ўқиб, анча хафа бўлган эдилар.

Ўша вақтда Шароф ака: “Аввал пахтани териб олиш керакку! Эртага ёғингарчилик бошланса, унда нима қилиш мумкин? Аввал ҳамма кучни ҳосилни тўла йиғиб олишга қаратиш керак. Пахтани қайта ишлаш ишлари келгуси йил май-июнь ойигача давом эттириш мумкин. Баъзи одамлар бироз шошилиб қолган кўринадилар. Вақти-соати билан давлатга момиқ топширадиган вақт келади. Ҳозир ҳосилни йиғиб олишимиз керак!” деган эдилар.

Бу гап 30 октябрь куни, Хоразмдан Қорақалпоғистонга борар йўл устида, журналистлар билан суҳбат вақтида бўлган эди.
Тақдирни қарангки, Шароф ака шу ибораларни айтганларидан 5-6 соат кейин вафот этганлар.

ШАРОФ АКАНИНГ ВАФОТИ БИЛАН БОҒЛИҚ БИР НЕЧА ҲОЛАТНИ ЁДГА ОЛАЙЛИК

29 октябрь куни СССР ҳукумати бошлиғининг биринчи ўринбосари Г.Алиев бошчилигидаги делегация Вьетнамга кетаётиб, Тошкентда тўхтади.
У вақтда Хоразмда пахта теримини ташкил этиш билан машғул бўлган Шароф Рашидов Тошкентга етиб келиб, делегацияни кутиб олдилар. Делегация бир кеча дам олиб, 30 октябрь куни тонгда Вьетнамга учиб кетди.
30 октябрь куни эрта тонгда Шароф ака аэропортда Г.Алиевни кузатиб, иш ўрнида Марказқўмда финляндиялик делегация билан суҳбат қилдилар.
Суҳбат тугагач, Шароф ака ҳовлига чиқдилар якшанба куни эди. Марказқўмда ҳеч ким йўқ, фин делегацияси билан банд кишиларгина бор эди. Куз ҳавоси кишини ўзига мафтун қиларди. Бир неча кун пахта даласидан жилмаган Шароф ака ҳовлини бироз айландилар, кайфиятлари кўтаринки эди, деб эслашади.

Сўнг, тўпланганларга: “Ҳозир Хоразмга учаман. Бугун 12:00да Урганчда вилоят пахта режасини биринчи бўлиб бажарганига бағишланган митинг бўлади. Хоразмликлар катта қўшимча мажбурият олишмоқчи. Митингдан сўнг, Қорақалпоғистонга ўтаман. У ерда терим суръати бироз паст. Бир неча кун у ерда бўлишга тўғри келади – деганлари ҳамон хотирамда. Ҳамма билан хайрлашиб, машинага ўтириб, аэропортга жўнаб кетдилар.

Бу буюк инсоннинг сўнги сўзлари эканини ҳеч ким хаёлига ҳам келтира олмаган эди.

БУ ИНСОННИНГ ЎЛИМИ КИМГА КЕРАК ЭДИ?

Шароф ака Урганчда бўлган митингда иштирок этиб, хоразмлик пахтакорларни катта меҳнат ғалабаси билан қутлаганлар. Кейин Ўзбекистон бўйлаб сафар қилаётган Куба элчиси билан суҳбат қилганлар. Куннинг иккинчи ярмида Нукус томон жўнаб кетганлар.

Айтишларича, у ерда кечга яқин Шароф аканинг бевақт мазаси бўлмаган. Тошкентдан, Москвадан чақирилган шифокорлар у кишини асраб қололмаганлар.
1 ноябрь куни эрта тонгда Шароф Рашидовнинг бевақт вафот этгани ҳақида дастлабки хабар пайдо бўлди. Шароф аканинг дафн маросими республикамиз, миллатимиз учун энг оғир йўқотиш сифатида умумхалқ мотамига айланди.
Энди “Шароф аканинг ўлими кимга керак эди?“ деган саволнинг бир қисмига жавоб топгандек бўляпмиз. Москва, иттифоқ ҳукумати Шароф аканинг обрўйи, мавқеидан ҳайиққани аниқ. У одам тирик бўлганларида “қайта қуриш” тиғи Ўзбекистонга қаратилмаган бўлар эди. Шароф ака республикамизни, халқимизни марказнинг десантчиларидан ҳимоя қила олар эди.
Ўша даврдаги вазиятни таҳлил этсак, “қўшиб ёзиш”, “порахўрлик” ва бошқа иллатлар Москванинг ўзида кенг авж олган эди. Матбуотда эълон қилинган “Кубан иши”, “Сочи иши”, “Балиқ ва икра иши” каби номи оламни тутган муттаҳамгарчиликлар “Пахта иши”да ўн чандон каттароқ, хавфлироқ, ташвишлироқ бўлган эди.

МИСОЛ ТАРИҚАСИДА…

СССР Олий Совети Президиумининг котиби Георгадзенинг дала ҳовлисида мусодара қилинган бойликлар (8 килограмм бриллиант, 100 та ёмби олтин қуюлмаси, 2 миллион доллар, 400 миллион рубль маблағ) Третьков музейи ва Эрмитаждан йўқолган нодир санъат намуналар… ва ҳоказолар. Буларнинг жами – СССР йиллик давлат бюджетининг маълум фоизини ташкил этаркан.
Бу – Шўролар раҳбариятининг юқори доирасига кирмайдиган ўртамиёна ходимнинг Москвада ишлаган вақтида ўмарган бойлиги.
Ундан юқори лавозимларда ишлаганлар нима қилгани ёлғиз Аллоҳга аён. Шу сабабли бўлса керак, Россия “Компартиянинг олтинлари қаерда?” деган тортишув ҳамон тийилмаган.

ШАРОФ РАШИДОВ ВАФОТИ БИЛАН БОҒЛИҚ БИР НЕЧА САВОЛЛАР

Эрталаб, яхши кайфиятда бўлган одам, кундузи Хоразмда юзлаб одамлар билан мулоқотда бўлиб, кечқурун Нукусда тўсатдан вафот этиши шубҳали.
Кейин, нега айнан Нукусда вафот этдилар? Юқори малакали шифокорларни якшанба куни ярим кечада Москва ва Тошкентдан топиб, Нукусга етказиб келишининг ўзи бўладими?
Шароф акадан сал аввал Беларусь раҳбари, уруш ва меҳнат қаҳрамони, беларусь халқининг суюкли фарзанди Машеров ҳам Минскдан узоқда (Брест ўлкасида) тўсатдан автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳам тасодифми?

СОФ НОМИ ОҚЛАНДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эл фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш ҳақидаги фармонини буюк инсон руҳи олдида катта диёнат, адолат ғалабаси, буюк жасорат деб номлаш тўғри бўлар эди.
Шароф Рашидовнинг руҳи мустақиллигимизни ҳимоя қилиш, истиқболимизнинг янада равшан бўлишида шод бўлсин, деб дуода бўламиз.

Анвар Тожиев

 

ЎзА