Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тадбир Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда солиқ қарзларини ундириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар таҳлилига бағишланди.
Давлат солиқ қўмитасининг марказий студиясида ўтказилган тадбирда қўмитанинг таркибий тузилмалари, Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бошқармалари ва туман бўлимлари, ҳудудлардаги студияларда эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туман (шаҳар) Мажбурий ижро бюроси бошқармалари бошлиқлари, давлат ижрочилари, вилоят давлат солиқ бошқармалари ва инспекция ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2018 йил 17 апрелдаги иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, дебитор-кредиторлик, шу жумладан, бюджет олдидаги қарзларни қисқартириш масалалари юзасидан ўтказилган мажлис баёни орқали берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг ўтган даврида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирлар жараёнида 1881,1 миллиард сўм миқдорида маблағ ундирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1134,4 миллиард сўмга кўпайишига эришилди.
Шунингдек, 11,2 мингта қарздорларнинг 2,5 триллион сўм қийматидаги мол-мулклари, шундан 1441 та бино ва иншоот, 1618 та транспорт воситалари ва 11063 та бошқа турдаги мулклар хатланди.
Бундай тадбирлардан кўзланган мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Қўшма йиғилишда ҳамкорликдаги ишларни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйган, натижавий кўрсаткичлари паст бўлган вилоятлар ва туман давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларига нисбатан кескин эътирозлар билдирилиб, камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
– Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар, фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилган молиявий жарималар, қатъий солиқ ва ҳисобланган пенялар мазкур шахслар ўз фаолиятини тикласа ёки давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилиши белгиланган, – дейди Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Ражабов. – Фармонга асосан 111,6 минг нафар фуқаронинг 664,1 миллиард сўмлик солиқ қарзи улар томонидан 2019 йил 1 январга қадар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши, фаолиятини тиклаши ҳисобига кечилиши кутилмоқда. Бугунги кунда 27,4 минг нафар фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаши, шунингдек, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши ҳисобига улардаги 471,2 миллиард сўмлик солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди. Ҳозирда жорий йил якунига қадар солиқ қарзи мавжуд бўлган бошқа фуқароларимиз ҳам тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаши натижасида уларнинг солиқ қарзи кечилиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси фуқароларимизни 2019 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаб, давлатимиз раҳбарияти томонидан тақдим этилаётган бундай имкониятдан унумли фойдаланишга чақириб қолади.