Бугун ижтимоий тармоқларда ҳам, босма нашрларда ҳам газетанинг кейинги тақдири ва обуна масаласи энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Баъзан шундай мулоҳазалар ҳам билдирилмоқдаки, ўқиб энсангиз қотади. Матбуотнинг нонини еган, заҳматини тотган кишигина унинг меҳнати нақадар машаққатли эканини ҳис этади.
Фарғона вилоятидаги баъзи бир шаҳар ва туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталарнинг иқтисодий аҳволи анча яхши. Қўштепа туманининг “Истиқбол йўли”, Бувайда туманининг “Бувайда кўзгуси” каби газета таҳририятларида обуна ташкил этиш, таҳлилий материаллар салмоғи жиҳатидан яхши тажриба бор. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан шундай яхши тажрибаларни оммалаштириш, муассис ва таҳририят ўртасида тузилган шартномани бажариш борасидаги ишлар билан таништириш мақсадида мунтазам равишда семинарлар ташкил этиб келинаётгани ҳам эътиборга лойиқ. Албатта, бу жараёнда муассис ҳам таҳририятнинг эгаси эканини сезади, муаммоларини амалий ҳал этишга ёрдам беради.
Афсуски, айрим шаҳар ва туманлардаги таҳририятларнинг аҳволи яхши эмас. Аксариятининг ўз биноси ҳам йўқ. У ерда ишлаётган ҳамкасбларимиз аҳволини гапирмаса ҳам бўлади. Маош ҳам обунага қараб-да… Муассис эса умуман ёрдам бермайди. Ваҳоланки, таъсис шартномаси ва низомда унга молиявий ёрдам кўрсатиш, газетани ўз вақтида чиқариш каби вазифалар аниқ белгилаб қўйилган.
Матбуот – жамият ҳаётининг кўзгуси, деб бежиз айтилмайди. Газеталар ҳам мамлакатимизда, хусусан, ўз ҳудудида (шаҳар, туман газеталари) амалга оширилаётган ислоҳотларни, воқеа-ҳодисаларни ёритаётгани ҳам ҳақиқат. Бугун бир ойда бир ёки икки марта чоп этилаётган, адади минг нусхага ҳам етмайдиган газеталарга эътибор бериш вақти келди, деб ўйлаймиз. Хусусан, давлат томонидан матбуот ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши лозим.
Тўғри, ижтимоий тармоқлар бугун ахборот етказиш борасида анча ўзиб кетган. Аммо у ҳеч қачон газетанинг ўрнини боса олмайди. Эътибор беринг. Бир сайтда шов-шувли ахборот узатилди. Ярим соатдан сўнг у ўзгариб қолиши, ҳатто олиб ташланиши ҳам мумкин. Газета – бу ҳеч қачон ўлмайдиган, вақт ўтса ҳам босилган мақолани сақлаб қола оладиган ҳужжатдир.
Хўш, бугун нега газеталар кам ўқилмоқда? Албатта, айб фақат бир томонда эмас. Газета ҳам бугун замонга мослашиши шарт. Таҳририят ўқувчилар аудиториясини топиши учун замонавий усулларни фаолиятига жорий этиши керак. Баъзи бир газеталарнинг мазмун-мундарижасини ўзгартириш, таҳлилий, чуқур мушоҳадали материаллар салмоғини кўпайтириш борасида аниқ тадбирлар белгилаб олиши керакка ўхшайди.
Обуна – бу таҳририят учун бир жараён. Муассис ва таҳририят барча жойда ўз газетасини тарғиб қилиши, обуна ташкил этиши мумкин. Бугун айрим тоифадаги кишилар “мажбурий обуна” деган нарсани нотўғри талқин қилмоқдаки, худди обуна қилиш мумкин эмасдек. Баъзи бир раҳбарларга обуна масаласини гапирсангиз, худди электр токи ургандек бўлади. Бундай бўлиши керак эмас, аслида.
Яна бир гап. Бугун китобхонлик маданиятини шакллантириш ҳақида кўп гапирилмоқда. Албатта, бу дастлаб газета ўқишдан бошланади. Шунинг учун газетхонлик маданиятини ҳам шакллантириш кун тартибига чиқмоқда. Ҳаммамиз ҳам болаликда атроф-муҳитни, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни газета орқали билганмиз. Ҳатто мактабда газеталарда босилган бирор кичик мақоладан диктант сифатида ҳам фойдаланганмиз. Шунинг учун газетхонлик маданиятини шакллантириш зарур. Зеро, матбуот эркин минбар бўлиб, ўз газетхонлари даврасида ҳамиша севиб ўқилаверади.