Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 27 ноябрь куни Чехия Республикаси Парламенти Депутатлар палатаси раисининг ўринбосари Филип Войтех бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Cпикери ўринбосари Сарвар Отамуратов меҳмонларга юртимизда барқарор ривожланиш ҳамда халқ манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ушбу жараёнларда қонун ижодкорлигининг аҳамияти, Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон билан Чехия ўртасида дипломатик алоқалар 1993 йилда ўрнатилган. Бу икки давлат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш имконини бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг яқин қўшни ва Европадаги ҳамкор давлатлар билан дўстлик, ўзаро ишонч ва манфаатли шериклик тамойилларига асосланган алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Бу, ўз навбатида, қонун ижодкорлиги, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини амалий мазмун билан бойитишга замин яратмоқда.
Филип Войтех мамлакатимизда барқарор ривожланиш йўлида олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий самараларини бераётгани борасида фикр билдирди. Парламентаризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш икки томон учун бирдек манфаатли эканини қайд этди. Бунда фаолият олиб бораётган “Чехия – Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик гуруҳи имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистон билан Чехия ўртасида савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар соҳалардаги манфаатли шерикликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида назорат-таҳлил фаолияти юзасидан тажриба алмашиш, бу борада истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Шу куни Чехия делегацияси аъзолари юртимиздаги қатор идора ва вазирликларда ҳам бўлиб, ҳамкорликка оид музокараларда иштирок этди.