Тошкентда "Google" дастурчилари фестивали бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни мамлакатимизда илк бор “DevFest” – Google Developers Group (GDG) дастурчилар халқаро фестивали бўлиб ўтади.
Фестиваль Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ва Халқ таълими вазирликлари, БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Тошкентдаги Инҳа университети томонидан ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, фестиваль «DevFest Google Developers Group» томонидан «Google» компанияси кўмагида бутун дунё бўйлаб ўтказиладиган глобал тадбирдир. Жорий йилда тадбир доирасида Google компаниясининг сўнгги технология ва ишланмалари намойиш этилади. Хусусан, иштирокчилар мобиль иловалар яратиш масалалари, бизнесда виртуал, тўлдирилган ва аралаш воқеликлар технологиялари имкониятларидан фойдаланиш истиқболларини кўриб чиқади.
Шунинг учун тадбир нафақат дастурчи ва IТ-мутахассислари, балки замонавий технологияларга бефарқ бўлмаган барча ёш авлод вакиллари учун ҳам қизиқарли бўлади.

 

Роман Бондарчук, ЎзА​​