Тошкентда 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европа минтақавий бюроси ва мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Барқарор ривожланиш мақсадлари даврида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. 
Унда тегишли вазирлик ва идоралар, ЖССТ, БМТ, ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ж.Якаб сўзга чиқди.
– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси изчил ривожланмоқда, – деди Ж.Якаб. – Хусусан, эмлаш дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича даврий ислоҳотлар ишлаб чиқилаётгани аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқиш имконини бермоқда. Буни мамлакат келажаги йўлида киритилган энг яхши инвестиция ҳам дейиш мумкин. Ташкилотимиз бу борадаги ташаббус ва ҳаракатларни, тиббиётни молиялаштиришдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда тиббиёт тизимини ислоҳ қилишнинг 2025 йилгача мўлжалланган концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилган эди.
Шунга мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича идоралараро эксперт гуруҳлари ташкил этилди. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ва мамлакатимиздаги ваколатхонаси экспертлари ҳам концепция бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Конференцияда мазкур концепция лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Мазкур концепция лойиҳасида соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича ҳаракатларнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Унда тиббиёт соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, соғлиқни сақлашни ташкил қилиш ва бошқаришни такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш каби устувор вазифалар қамраб олинган.
Масалан, соҳада қонунчиликни такомиллаштириш йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Тиббий ёрдамнинг кафолатли ҳажми тўғрисида”ги қонун, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги кодекс лойиҳаларини ишлаб чиқиш, мажбурий тиббий суғурта соҳасига тегишли меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш кўзда тутилган.
Анжуманда соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов соҳа ислоҳотлари жамланмаси бўлган янги концепциядан кутиладиган натижаларга тўхталди. Унинг таъкидлашича, янги концепцияни татбиқ этиш орқали тизимда ечимини кутаётган масалалар ҳал этилиб, оналар ва болалар ўлими даражасини 15 фоизга, чақалоқлар ва 5 ёшгача бўлган болалар ўлим даражасини эса 30 фоизга камайтиришга эришиш мумкин. Шунингдек, тиббий илмий муассасаларни базавий ва дастурий молиялаштириш йўлга қўйилади.
Тадбирда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш, соҳа манфаатларига тегишли стратегик бошқарувни барқарорлаштириш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов иштирок этди.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА