Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган туризмни жадал ривожлантириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда соҳа мутахассислари томонидан экстремал спорт турлари, экологик ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун Тошкент вилоятининг табиий шароити ҳамда имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Ҳудуднинг юқори экотуризм салоҳияти, улкан тоғ тизмалари, ноёб ҳайвонот ва наботот дунёси, қулай иқлими билан ажралиб туриши эса бунга ёрқин мисолдир.
Айни пайтда вилоятда соҳани ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Чирчиқ шаҳри, Ўрта Чирчиқ ва Паркент туманларида 7 оилавий меҳмон уйи ташкил этилди.
Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан жойларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Жумладан, Ангрен шаҳрида шу мавзуда ўтказилган мулоқотда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари, вилоят марказий банк, солиқ бошқармалари бошлиқлари иштирок этиб, аҳолига оилавий меҳмон уйлари фаолиятининг афзалликлари юзасидан атрофлича маълумот берди. Ҳудудларда ўтказилаётган бу каби учрашувларда фуқаролардан ҳам кўплаб таклифлар тушмоқда.
Қарорга мувофиқ, оилавий меҳмон уйини ташкил этиш учун тегишли турар жойга эга бўлган шахс оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва унинг ягона реестрига кириш учун ариза бериши керак. Мазкур реестр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юритилади. Оилавий меҳмон уйи – мазкур меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчига яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жойдир. Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган тадбиркорлар буюртмаларига биноан энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилиши мумкин. Реестр электрон шаклда юритилиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Аҳоли хонадонларида оилавий меҳмон уйини ташкил этиш ва қишлоққа келган меҳмонларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали зиёратгоҳ, табиатнинг сўлим гўшаларига меҳмонлар сайрлари ташкил этилади. Туристларнинг қолиш муддатини узайтириш мақсадида миллий урф-одатлар ва турли маросимлар ўтказиш, ҳунармандчилик савдосини йўлга қўйиш, миллий таомлар тайёрлаш жараёнини намойиш этиш каби хизматлар амалга оширилади. Шу билан бирга, туристик объектларда Wi-Fi зонасини ташкил этиш, мобиль алоқа сифатини ошириш юзасидан зарур чоралар ҳам кўрилади. Муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланиб, даромади ошади.
Келгусида оилавий меҳмон уйларининг асосий қисми Бўстонлиқ туманида рўйхатдан ўтказилиши кўзда тутилган. Сабаби ушбу туман сўлим табиати билан нафақат туристлар, балки юртдошларимизни ҳам ўзига жалб қилади. Дунё миқёсида сайёҳлик соҳаси жадал ривожланаётганини ҳисобга олсак, ташкил этилаётган оилавий меҳмон уйлари ҳам халқимизнинг бой тарихи, миллий урф-одатлари ва меҳмондўстлигини намойиш этишда муҳим роль ўйнайди.
Маъруф Баракаев,
Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти
бўлими бошлиғи.
ЎзА