Туризм соҳасидаги халқаро инвестиция форуми давом этади

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида давом этаётган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ишбилармонлар билан гавжум.
Юзлаб хорижий сармоядорлар мамлакатимиз ҳудудларининг туризм салоҳияти ва имкониятлари, миллий ҳунармандлик намуналари билан яқиндан танишиб, истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга доир музокараларда иштирок этмоқда.
Анжуман доирасида тақдимотлар, амалий мулоқотлар билан бирга, B2B, B2G учрашувларида хорижий компаниялар раҳбарлари ва менежерлари мамлакатимиздаги истиқболли сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконига эга бўлмоқда.
Тадбирда вилоятларимиз мутасаддилари томонидан ўтказилаётган намойишларда меҳмонлар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконига эга бўлмоқда.
Айниқса, Тошкент вилоятининг стендларида намойиш этилаётган янги лойиҳалар тақдимоти инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам туризм соҳасини янги тармоқлар ҳисобига янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг ўтган ўн ойи давомида инвесторларга 23 туристик объект қуриш учун ер майдони ажратилди. Бу инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Жумладан, 2018 йил бошида вилоятда 3 мингдан зиёд туристларга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бу рақамлар 4 минг 500 га етди. Янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши билан вилоятнинг бу борадаги кўрсаткичи 7 мингдан ортади.
– Шу кунга қадар туристлар оқими юқори бўлган туманлардаги 17 бўш ер майдонида жойлашган иншоотлар имтиёзли шартларда инвесторларга берилди, – дейди Тошкент вилояти ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири Б.Рухиддинов. – Шу орқали инфратузилмани яхшилаш, сервис ва хизмат кўрсатишни юқори даражада ташкил этиш режалаштирилган. Айни пайтда ҳукумат қарори асосида бўш ер майдонларида туристик инфратузилмани ташкил этиш мақсадида бўлган сармоядорларга инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаш орқали, аукцион савдоларисиз музокара ўтказиш йўли билан тўғридан-тўри ер ажратиш белгиланди. Ушбу мақсадларда ишчи гуруҳ томонидан Ангрен, Нурафшон, Янгийўл шаҳарларида, шунингдек, Бўстонлиқ, Паркент туманларида 540 гектар майдондаги 130 дан ортиқ ер участкалари танлаб олинди.
Форумда ушбу ер майдонларида сайёҳлик объектларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 30 дан ортиқ шартномалар имзолашга эришилди.
Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам ўз бизнес ғояларини намойиш этиш имконига эга бўлмоқда. Масалан, Жиззах вилоятидаги «Арнасой денгиз» МЧЖ мутасаддиларининг Айдаркўл соҳили бўйида мавсумий чўмилиш ва дам олиш масканларини қуриш лойиҳасига чет эллик сармоядорлар томонидан қизиқиш билдирилди.
– Табиий ландшафт, бетакрор табиатга эга Айдаркўлда соҳил бўйи туризмини ташкил қилиш учун барча имкониятлар мавжуд, – дейди «Арнасой денгиз» корхонаси раҳбари Назрулло Норматов. – Бу каби қулайликлардан оқилона фойдаланган ҳолда 200 миллион сўм шахсий маблағ ҳисобига соҳил бўйида мавсумий чўмилиш зонаси, кемпинг мажмуаси, сервис хизмати ташкил қилдик. Форумдаги иштирокимиз орқали лойиҳанинг иккинчи қисмини – қум ва пляж футболи, волейбол спорт майдончалари, маданий ва кўнгилочар ҳудудлар, меҳмонхона хизматини ишга туширишда инвесторларни жалб қилишни режалаштирганмиз. Ҳозирги кунда туркиялик ҳамкорлар лойиҳага қизиқиш билдирмоқда.
Анжуманда хорижий ҳамкорлар иштирокида мамлакатимизда Ўзбекистон – Сингапур сайёҳлик марказини очиш, Сирдарё вилоятида 18 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошириш, шериклик келишувини рўёбга чиқаришга оид меморандумлар, шунингдек, маҳаллий сармоядорлар томонидан Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фойдали битимлар имзолашга эришилди.
Шу куни Халқаро ҳамкорлик марказида “Ўзбекистонда 2025 йилгача туризмни ривожлантириш концепцияси” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, халқаро экспертлар, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри туризм субъектлари вакиллари иштирок этди.
Унда туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА