Фарғона вилоятида хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда янги инвестицивий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Вилоят ҳокими ўринбосари М.Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасида бўлиб, бу борада бир қатор келишувларга эришди.
Фарғона вилоятида айни пайтда Хитой билан ҳамкорликда 36 та қўшма ва 19 та хорижий корхоналар фаолият юритмоқда. Шунингдек, Хитой давлатининг умумий 245 миллион АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестицияси иштирокида 11 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Вилоят делегацияси жорий йилда бир неча бор Хитойда бўлиб, самарали келишувларга эришди. Шунингдек, Хитойнинг бир қатор провинцияларидан делегациялар вилоятга ташриф буюрди. Ухань ва Фарғона шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Фарғона вилоят делегацияси жорий йил 15-16 ноябрь кунлари Хитойнинг Хубэй провинцияси маъмурий маркази Ухань шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро биродар шаҳарлар конференциясида иштирок этди. “Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш” деб номланган икки кунлик конференция доирасида биродар шаҳарлар учун инвестицион анжуман, шунингдек, кўргазмалар ташкил этилди. Мазкур нуфузли анжуманда иштирокчиларни Ўзбекистон билан таништириш мақсадида “Ўзбекистонга хуш келибсиз” деб номланган инглиз тилида видеоролик намойиш этилди. Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари М.Абдураҳмонов бугунги кунда Хитой Ўзбекистонинг стратегик ва ишончли ҳамкори эканлиги ҳамда Фарғона вилоятининг ХХР билан алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳамда Фарғона вилоятида мавжуд инвестицион имкониятлар бўйича маъруза қилди.
Ухань савдо-саноат палатаси ва ўндан ортиқ компания вакиллари иштирокида Фарғона вилоятининг инвестицион жозибадорлигига бағишланган семинар ҳам ташкил этилди. Унда меҳмонхона ва савдо марказлари қуришга ихтисослашган, туризм хизматларини кўрсатувчи, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи ҳамда экспорт-импортга ихтисослашган компаниялар томонидан Фарғона вилоятига алоҳида қизиқиш билдирилди. Меҳмонхона қуриш фаолиятини амалга оширувчи “Dossen International Group Hubei branch” компанияси Фарғона шаҳрида меҳмонхона қуриш таклифини ўртага ташлади. Фарғона шаҳар ҳокими Ҳ.Ҳабибиддинов мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган шароит ва имтиёзлар, шаҳарнинг инвестициявий салоҳияти ҳақида маълумот берди.
Хитойда бўлиб ўтган учрашувлар ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлди. Хусусан, “Shengand” компанияси Фарғона вилоятида терини иккиламчи хом ашёсидан мебель ва пойабзал саноатида фойдаланиладиган желатин маҳсулотини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. “Hubei Frukt” компанияси эса Ўзбекистонда етиштираётган мева маҳсулотларини экспорт қилиш истагини билдирган.
М.Сулаймонов, ЎзА