Бугунги кунда умумтаълим мактабларидаги ёшлар етакчиларининг фаолиятини такомиллаштириш, ўқувчи-ёшларнинг таълим сифати тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, уларни таълимга жалб қилишда “тенгдош-тенгдошга” тамойилига мувофиқ ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги тизимида амалга оширилаётган лойиҳаларда ўқувчи-ёшларни иштирокини таъминлаш мақсадида “Вазирлик ва ўқувчи-ёшлар” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Мазкур лойиҳа 16-17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида илк бор ўтказилди. Унда Халқ таълими вазирлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, ёшлар етакчилари, “Иттифоқ“ ва “Камалак“ сардорларидан иборат 70 нафар ўқувчи иштирок этди. Лойиҳа доирасида ўқувчи-ёшлар Тошкент шаҳридаги 144- ва 324-умумтаълим мактаблари ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Шу билан бирга иштирокчилар Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти билан учрашди, истиқболдаги режалари, таклиф-мулоҳазалари ҳамда лойиҳаларини муҳокама этди.
Лойиҳанинг иккинчи куни Тошкентдаги Инҳа университети ташаббуси билан “Codecraft” дастурий таъминотини ўқитишга қаратилган махсус малака ошириш курси ташкил этилди. Университет мутахассислари томонидан “Codecraft” дастурий таъминоти ҳақида тушунчалар берилди ва ўқувчи-ёшлар мобиль қурилмалар учун иловалар яратиш бўйича амалий машғулотларда ҳам иштирок этди.
Учрашув натижасига кўра, илк маротаба Халқ таълими вазирлиги ўқувчи-ёшлар билан ишлаш йўналиши бўйича уларнинг таклифлари асосида “Йўл харитаси” қабул қилди ва уни амалга оширишда мактаблардаги ёшлар етакчилари ва сардорлари бевосита иштирок этиши белгилаб олинди.
ЎзА