Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганига бир йил тўлди.
Мазкур фармонда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд“ уюшмасига ҳам бир қатор вазифалар қўйилган эди. Жумладан, халқимизнинг маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаб қолиш, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш уюшманинг асосий вазифаси сифатида белгиланган эди.
Хўш, ўтган вақт давомида топширилган вазифалар қай даражада бажарилди?
Бу каби саволларга пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида жавоб қайтарилди.
Анжуманда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси У.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда ҳунармандликка улкан эътибор қаратилаётгани, бунинг самарасида уста-ҳунармандларга турли имтиёз ва эркинликлар берилаётгани, хусусан, мазкур фармон ҳам оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик билан шуғулланаётган тадбиркорларга барча шарт-шароитни яратишда кенг имкониятлар очиб бераётганини таъкидлади.
Республика “Ҳунарманд” уюшмаси рўйхатидан ўтган ҳунармандлар жорий йил бошида 11 минг 600 нафарни ташкил этгани ҳолда, олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида айни пайтда улар сони 29 минг нафарга етди.
Йил бошида ташкил этилган 696 “Уста-шогирд” мактабига 1 минг 956 ёш қамраб олинган эди. Ҳозирда ушбу мактаблар сони 1 минг 851 тага етди ва 5 минг 391 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.
Анъанавий ҳунармандликни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ипак ва зираворлар”, “Нурли наволар”, “Бойсун баҳори” халқаро фестиваллари, кўргазма-савдолар ўтказилди.
Республика “Ҳунарманд“ уюшмаси жорий йилнинг июль ойида АҚШда ўтказилган “Халқ амалий санъати халқаро бозори” фестивалида 24 нафар ҳунарманднинг иштирок этишига амалий ёрдам берди. Фестивалда иштирокчилар томонидан 451 минг АҚШ доллари миқдорида миллий ҳунармандлик маҳсулотлари сотилди. 30 дан ортиқ давлат вакиллари орасида мамлакатимиз иштирокчилари маҳсулотлари реализацияси бўйича илғорлар сафидан жой олди.
Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва пойтахтимизнинг айрим туманларида хотин-қизлар ўртасида ҳунармандликни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида каштачилик, гиламдўзлик, тақинчоқ ва ўйинчоқлар, эсдалик буюмлари йўналишлари бўйича 2 ойлик бепул ўқув курслари ташкил этилди ва самарали якунланди.
Жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан “Ҳунарманд“ уюшмаси томонидан ҳунармандларга электрон гувоҳнома бериш тизими жорий этилди. Бу чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган уста-ҳунармандлар вақти ва харажатини тежаш имконини бермоқда.
Даврон Суннатов, ЎзА