Юртимизда Аёллар тадбиркорлиги ҳафталигига старт берилди.
Ҳафталик олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида “Тадбиркор аёл“ Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси томонидан Халқаро аёллар тадбиркорлиги кунига бағишлаб ташкил этилган бу ҳафталикнинг қизиқарли ва ранг-баранг лойиҳалари бутун мамлакатимизни қамраб олиши билан аҳамиятли бўлиши таъкидланди.
Бир ҳафта давомида аёллар бизнесининг энг тажрибали вакиллари ва соҳага эндигина кириб келаётган хотин-қизлар мамлакат миқёсида ўтказиладиган кўплаб тадбирларда иштирок этади. Анжуман, маҳорат сабоқлари, жонли мулоқот тарзида ўтадиган мазкур тадбирларда аёлларнинг бизнесга доир муваффақияти оммалаштирилиб, юртимизда аёллар тадбиркорлиги муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама этилади.
“Тадбиркор аёл“ Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раиси Гулнора Маҳмудованинг айтишича “Инновациялар ва инвестициялар маҳаллий ва ташқи бозорларда аёллар тадбиркорлиги ривожининг самарали омили“ мавзуси бу йилги ҳафталикнинг асосий мазмунини ташкил этади. Юртимиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни қўллаш, минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиш бўйича аёллар тадбиркорлигига оид долзарб масалаларни таҳлил қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркор аёлларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича истиқболли стратегияларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилади.
Айни пайтда ушбу лойиҳа хотин-қизларнинг бизнес бўйича таълим олишига имкониятлар яратиш, уларни молиявий манбалардан тўғри фойдаланишга ўргатиш, ўзаро тажриба алмашиш, “Уста-шогирд“ анъаналари бардавомлигини таъминлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш орқали аёллар тадбиркорлиги ҳаракатини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконини беради.
Ҳафталик доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида “бизнес малика“лар иштирокида спорт марафони ташкил этилади, аёллар тадбиркорлиги бўйича дуч келинаётган камчиликларга оид ижтимоий сўровнома ўтказилади. Мамлакатимиз ва хорижлик моҳир экспертлар иштирокида “Ақлли текстиль“, “Қишлоқ хўжалигида инновацион ечимлар“, “Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш“, “Ишлаб чиқаришга юқори технологияларни қўллаш“ каби мавзуларда семинар-машғулотлар, маҳорат дарслари бўлиб ўтади.
“Анор – 2018“ тадбиркор аёллар кўрик-танловининг якуний босқичида эса энг илғор тадбиркор опа-сингилларимиз “Энг яхши тадбиркор аёл“, “Энг яхши фермер аёл“, “Энг яхши сервис хизмати“ каби номинациялар бўйича аниқланади.

 

Н.Усмонова, ЎзА