Президент Ўмон Султонини табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўмон миллий байрами – Султон таваллуди куни муносабати билан Султон Қобус бин Саидни табриклади, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида: 18 ноябрь  Ўмон Султонлиги ҳаётида муҳим ўрин тутади.  Бу санада Ўмон халқи ўз давлат раҳбари – Султон Қобус бин Саидга ўз эҳтиромини изҳор этади. 1970 йилдан буён Ўмон давлатини Султон Қобус идора этиб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида давлат раҳбари бошчилигида мамлакат ҳаётида жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Иқтисодиётнинг турли тармоқлари, ижтимоий соҳа – таълим, соғлиқни сақлаш, маданият буткул ислоҳ этилди. Жумладан, айнан 1970-йиллардан таълим тизимини ривожлантириш йўлида туб ислоҳотлар амалга оширилган. Янги таълим даргоҳлари бунёд этиш, илғор усулларни амалга татбиқ этиш учун давлат ғазнасидан катта миқдорда маблағ ажратилди. Ўтган асрнинг 70-йилларида мамлакат бўйича учтагина мактаб бор эди. Бугун эса юзлаб мактаблар, қатор олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. 1986 йилда таъсис этилган Султон Қобус университети илмий ва техникавий салоҳияти жиҳатидан нафақат мамлакат, минтақада ҳам етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.