Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди.
Бухоро вилояти ва шаҳри ҳокимликлари мутасаддилари, соҳа мутахассислари иштирок этган мулоқот доирасида “Энергомарказ” акциядорлик жамиятининг сифатли иссиқлик етказиб бериш тизимини замонавий талаблар асосида қайта такомиллаштириш лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
Ушбу лойиҳа билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун халқаро ташкилот вакиллари “Энергомарказ” акциядорлик жамияти корхонасида бўлиб, технологик ускуналар янгиланадиган цех ва иссиқлик таъминотчиси хизмат кўрсатадиган ҳудудлар билан танишди.
Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан маъқулланган ва Халқаро ривожланиш ассоциациясининг маблағлари ҳисобидан имтиёзли равишда молиялаштириладиган лойиҳа қиймати 14 миллион 620 минг долларга тенг. Бу маблағ ҳисобига “Бухороэнергомарказ” акциядорлик жамиятида кенг кўламли технологик янгиланишлар амалга оширилади.
Дастлаб, иссиқлик таъминоти мавжуд очиқ тизимдан ёпиқ тизимга ўтказилади. Шунингдек, 198 кўп қаватли уй-жойда ва ижтимоий соҳа объектларнинг 33 тасида индивидуал иссиқлик пункти қурилади. Бундан ташқари, қозонхонада битта янги замонавий қозон ўрнатилади, эскирган иккита қозон ва насос хўжалиги модернизация қилинади. Таъкидлаш керакки, ҳозирги пайтда истеъмолчилар билан боғлайдиган умумий узунлиги 5 километр 550 метрдан иборат магистрал иссиқлик тармоқларининг ҳолати замонавий талаблар даражасида эмас. Айни шу боис ҳам улар иссиқлик узатиш самарадорлиги юқори махсус қопламали қувурларга алмаштирилади.
Лойиҳа “Энергомарказ” АЖ хизмат кўрсатадиган бевосита хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тасарруфидаги уйлар ертўласини ҳам қамраб олади. Бу ерда электр ва ичимлик сув тизимлари таъмирланади ҳамда асбоб-ускуналар билан таъминланади.
– Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа натижасида йилига 4,7 миллиард сўмлик энергия ресурслар, яъни табиий газ, электр энергияси, шунингдек, ичимлик суви тежаб қолинади, – дейди “Энергомарказ” АЖ раиси Анвар Қораев. – Замонавий технологияларнинг жорий этилиши иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш таннархини 30 фоизга камайтириш, таъминот сифатини ошириш имконини беради. Энг муҳими, етказиб бериш жараёнида иссиқликнинг йўқотилиши икки бараварга, энергоресурсларнинг кам сарфланиши эвазига ундан фойдаланилганда ҳаво қатламига чиқариб юборилиши мумкин бўлган заҳарли газ – карбонат ангидрид миқдори йилига 5,2 минг тоннага камаяди.
Маълум қилинишича, модернизация туфайли иссиқлик тизимлари ва кўп қаватли уйлардаги иссиқлик таъминоти тизимларининг хизмат кўрсатиш муддати 50 йилга узаяди.
Индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилиши ҳисобига кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларидаги иссиклик ташқи муҳит ҳарорати ҳисобга олиниб, автоматик тарзда бошқарилади. Истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар ҳақиқий етказиб берилган иссиқлик энергияси (кўп қаватли уйларда иссиқлик ҳисоблагичи ўрнатилади) бўйича олиб борилишига эришилади.
Ушбу лойиҳа 2019 йилнинг иккинчи чорагидан бошланиб, босқичма-босқич 2021 йилда ниҳоясига етказилади.
Эркин Ёдгоров, ЎзА