Эртага – 12 ноябрь куни “Консервация, реставрация ва тиклаш ишларининг долзарб муаммолари: назария ва амалиёт” мавзусига бағишланган халқаро семинар иштирокчилари Ичан қалъада хитойлик мутахассислар томонидан маданий мерос объектини реставрация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш учун Хива шаҳрига жўнаб кетади.
Бу ҳақда пойтахтимизда мазкур семинарнинг очилиш маросими муносабати билан ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К. Акилова ва бошқалар Маданият вазирлиги, Хитой маданий мерос академияси ҳамда мамлакатимиздаги соҳага алоқадор бир қатор ташкилотлар ҳамкорликда ташкил этилган семинар консервация, реставрация ва тиклаш ишларини олиб боришда учрайдиган муаммоларни мутахассислар ҳамкорлигида ҳал этиш йўлларини излаш, назария ва амалиёт уйғунлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Семинарнинг Тошкент шаҳрида куни кеча бошланган назарий масалаларга бағишланган қисми бугун ҳам давом этмоқда. Унда Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган мутахассислар, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Жаҳон банки вакиллари иштирок этаётир. Мамлакатимиз ва хорижий мутахассисларнинг соҳага оид маърузалари тингланмоқда.
Икром Аввалбоев, ЎзА