Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида ташкилий масала кўрилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига Маҳбубов Дилшод Мўминович, ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига Киргизбаев Турғун Турдалиевич тасдиқланди.

Шунингдек, йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш юзасидан сўз юритилди.

Ёшларни ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, тизимда ягона ҳуқуқни қўллаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

ЎзА