Исроиллик ишбилармонлар Наманганда

Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров Исроил давлатининг “VP Group Исроил компаниялари консорциуми”нинг вице-президенти Эли Бенжаминни қабул қилди.
 
5.jpg
Мулоқотда дастлаб исроиллик ишбилармон самимий ва дўстона қабулдан беҳад миннатдорлигини изҳор этди.
– Биз ҳозиргача Озарбайжон ва Қозоғистон давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик тажрибасига эгамиз, – дейди Эли Бенжамин. – Мамлакатингизда бизнес соҳасида очилаётган кенг имкониятлар, қулай сармоявий муҳит бизни ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ўзаро манфаатдорлик асосидаги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга ундади. Айниқса, Ўзбекистон, хусусан, Наманганнинг табиий иқлими қишлоқ хўжалигида катта-катта инновацион лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Мақсадимиз бу ерда замонавий иссиқхоналар ташкил этиб, илғор технологиялар асосида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, кластер усулида қайта ишлаш ва экспортга чиқаришдир. Бу борада қўшма корхоналар, саноат зоналари ташкил қилишни режалаштирганмиз. Бу мақсад йўлида биз илк қадамни ташладик, яъни Тўрақўрғон туманида “Global tehc” ҳамда Косонсой туманида “Super Gold agribusiness” қўшма корхоналари ташкил этилди.
Мулоқотда вилоят ҳокими мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кластер усулини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар, вилоятнинг бу соҳадаги ички имконият ва салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди ҳамда уларни рўёбга чиқариш йўлида хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик учун зарур барча шароит мавжудлигини билдирди.
– Фермерларимиз ихтиёрида 10 минглаб гектар мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етиштириладиган майдонлар, боғ ва узумзорлар мавжуд, – дейди Х.Бозоров. – Уларни янгилаш, интенсивлаштириш давр талаби ва бу борада жаҳоннинг илғор технология ва тажрибаларидан унумли фойдаланиш ўта муҳимдир. Чорвачиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, гўштни қайта ишлаш ва чуқур қайта ишлашнинг инновацион лойиҳаларини амалга ошириш, соҳада кластер ва логистика тизимини яратиш олдимизда турган долзарб вазифалар сирасига киради. Шу нуқтаи назардан, биз чет эллик ҳамкорлар сафини кенгайтиришга тайёрмиз.
Учрашувда қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни йўлга қўйишга доир таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилиб, дастлабки ташкилий чора-тадбирлар юзасидан келишиб олинди.

 

Акромжон Сатторов, ЎзА