2017 йил 6 октябрь куни Россия Федерациясининг Владимир вилоятида автобус ва йўловчи поезди иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг оқибатида 16 киши ҳаётдан кўз юмган.
Ҳалок бўлганларнинг 15 нафари Ўзбекистон фуқароси, бир нафари Қозоғистон фуқароси бўлган. Яна 5 нафар Ўзбекистон фуқароси турли даражадаги тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Унинг зиммасига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида ҳалок бўлганларнинг жасадини ва жабрланганларни Ўзбекистон Республикасига олиб келиш вазифаси юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари томонидан йўл-транспорт ҳодисасига учраган фуқаролар шахсини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳукумат ҳалок бўлганлар ва жабр кўрганларнинг оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
матбуот хизмати