Янтоқ, кийикўт ёки кунгабоқар асалидан тотиб кўрганмисиз?

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Экобозор” ҳудудида биринчи марта асал ярмаркаси ўтказилмоқда.
 
photo5395551433400625861.jpg
“Асалнинг минг дардга шифо эканлигини одамлар яхши билишади. Шу боис байрам серфайз ўтмоқда. Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган қирққа яқин асаларичилар иштирок этмоқда. Маҳсулотнинг тури, қайси ўсимликдан олинганига қараб шифобахшлик хусусияти аниқланади. Бугунги кунда ошқозон, буйрак, юрак, жигар хасталиклари, томоқ оғриғи, шамоллаш, иммунитет пастлиги, камқонлик, умуман, минглаб касаллик борки, давосини асалдан топасиз.”
Бу Тошкент шаҳар асаларичилар уюшмаси раиси Фаррух Мусаевнинг сўзлари эди.
Асал байрамида нафақат асал, у билан бирга, гул чанги, прополис, она ари сути, мум, асалари уяси сингари инсон саломатлиги учун ғоят аҳамиятли, табиий дармондори бўлган ўнлаб маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда.
– Асалари парваришлаш бизга ота касб, ака-укалар ҳаммамиз шу касбни бошини тутганмиз, – дейди Комилбек Усмонбеков. – Менда 135 асалари оила бор. Баҳордан ёзгача, Оқтош тоғларида, кейин эса Сирдарё далаларига тушамиз. Ҳар йили 2,5-3 тонна асал оламиз.
Асал ярмаркасида янтоқ асали, кийикўт асали, жўка (липа), маржўмак асали, тоғ асали, кунгабоқар асали айниқса, харидоргир бўлмоқда.
Асал байрами 11 ноябрга қадар давом этади.​

 

Сайёра Шоева, ЎзА​​