Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида Давлат статистика қўмитаси ташаббуси билан “Миллий статистика тизими: назария ва амалиёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш, статистика ахборотларини йиғиш, тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда уларни интернет тармоғи, оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий телеканаллар орқали кенг тарқатишни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги “ахборот асри”да статистик ахборотларнинг эркинлиги, ошкоралигини таъминлаш, мамлакатимизнинг ривожланиш кўрсаткичларини халқаро статистик тўпламларда чоп этиш ҳамда турли йўналишдаги рейтингларда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, халқаро статистик, иқтисодий ва молиявий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда.
Мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида, Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 23 саволномаси доимий равишда тўлдириб келинаётгани қайд этиб ўтилди. Ҳозирда қўмита Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин алоқа ўрнатиб, статистика соҳасида самарали ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.
– Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан Давлат статистика қўмитасида комплекс чора-тадбирлар дастури, назорат режаси ва вазифаларнинг ҳар бир банди ижроси бўйича ҳаракат режалари ишлаб чиқилди, – дейди Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. – Шунингдек, қўмита марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари таркиби қайтадан кўриб чиқилиб, қўмита марказий аппарати таркибида янги бошқармалар ташкил этилди. Статистик ахборотларнинг максимал даражада очиқлигини таъминлаш мақсадида эълон қилинадиган кўрсаткичлар таркиби қайта кўриб чиқилиб, кенгайтирилди. Қўмитанинг расмий веб-сайти таҳлилий маълумотлар, бюллетенлар, доклад ва пресс-релизлар билан мунтазам равишда бойитиб борилмоқда.
Давра суҳбатида жорий йил январь-сентябрь якунлари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маърузалар тингланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА