Ҳамкорликда қабул қилинган қарор

Тошкентда Марказий Осиё минтақасида собиқ уран ишлаб чиқариш чиқиндиларини бошқариш муаммолари ва йўлларига бағишланган Донорларнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Давлат экология қўмитаси, Европа иттифоқи делегацияси ва Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.
Тадбирда “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси бошлиғи Б.Ғуломов Марказий Осиё ҳудудида тегишли уран қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари ёпилганидан сўнг ҳолати анча ёмонлашган уран қолдиқлари сақланадиган жойлар жойлашганини таъкидлади. Бу муаммо уларнинг аҳоли пунктлари, шунингдек, трансчегаравий дарёлар сатҳига яқинлиги сабаб кучайиб бормоқда.
Йиғилиш иштирокчилари ҳеч муболағасиз унинг ечимида нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки бу масалада ваколатли халқаро ташкилотлар ҳам жалб этилиши талаб этиладиган йирик минтақавий муаммо деган фикрда якдил бўлдилар.
Айни пайтда минтақа давлатларининг асосий халқаро шерик ва донорлари билан ҳамкорликда муҳим экологик муаммони бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда заҳарланган участкаларни қайта тиклаш учун тахминан 120 миллион евро керак бўлади. Собиқ уран ишлаб чиқариш объектларини экологик соғломлаштириш бўйича тадбирларни молиялаштириш ва зарур маблағларни жалб этиш мақсадида Европа комиссияси томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Марказий Осиё мамлакатлари учун Экологик реабилитация бўйича махсус ҳисоб таъсис этилди.
Ўзбекистонда истиқлол йилларида Тошкент ва Наманган вилояти майдонларида жойлашган аввалги уран ишлаб чиқариш объектларида бюджет маблағлари ҳисобига экологик соғломлаштириш бўйича тадбирлар амалга оширилган. Бу борадаги ишлар босқичма-босқич давом этмоқда.
4.JPG
7.JPG
Йиғилиш доирасида қолдиқлар сақланиб қолган жой яқинида истиқомат қилувчи аҳоли саломатлиги ҳолати, муаммоли объектлардаги радиацион муҳит мониторинги, қайта тиклаш тадбирларининг натижакорлиги, уран ишлаб чиқариш чиқиндиларини бошқариш соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликка бағишланган маърузалар тақдим этилди.
Халқаро ҳамкорлик натижасида сўнгги йилларда ушбу масалани ҳал этишда сезиларли ўсиш суръатлари кузатилди. Жумладан, қолдиқлар сақланиб қолган жойларнинг атроф-муҳитга таъсири баҳоланиб, тадқиқотлар ўтказилди, уларни қайта тиклаш учун зарур молиявий ресурсларни самарали тўплаш учун молиялаштиришнинг аниқ механизми яратилди. Халқаро атом энергияси агентлиги билан яқин ҳамкорликда манфаатдор мамлакатлар томонидан Марказий Осиёда собиқ уран объектларини қайта тиклаш бўйича стратегик режа ишлаб чиқилди.
Тадбир якунида Марказий Осиё мамлакатлари учун Экологик реабилитация ҳисобини тўлдиришнинг эҳтимолий йўллари муҳокама қилинди.

 

Роман Бондарчук, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА