Қорақалпоғистон Республикасида пахта йиғим-терими ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 1 минг 431 терим отряди ташкил этилиб, уларга 107 минг 500 дан ортиқ теримчи бириктирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда 147 минг 800 тоннадан ортиқ пахта давлатга топширилди ва шартномавий режа 80 фоиздан ошди.
– Бугунги кунга қадар 1 минг 229 фермер хўжалиги белгиланган шартнома режасини ортиғи билан бажарди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А.Аминов. – Ҳали далаларда ҳосил мўл. Теримчиларга олдинги йилларга нисбатан анча юқори ҳақ тўланаётгани иш унумдорлигини таъминлаяпти.
Амударё тумани 33 минг тоннадан ортиқ пахта топшириб, туманлар орасида биринчи бўлиб шартномавий режани 101,7 фоизга бажарди.
Далаларда “Ҳорманг, пахтакорлар!” шиори остида ўтказилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар доирасида маданият ва санъат намояндалари кўнгилочар дастурлар намойиш қилмоқда. Илғор теримчиларга рағбатлантирувчи совғалар топширмоқда.