Жорий йил 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонасида “Хорижий инновацион ғоялар ва технологиялар ҳамда уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.
Германия тараққиёт кўрсаткичлари бўйича нафақат Европа ҳамжамиятида, балки бутун дунёда ҳам иқтисодий, ҳам инновацион ривожланиш жиҳатдан энг етакчи давлатлар қаторида туради. Ушбу давлатнинг инновацион фаолиятини самарали олиб бориш бўйича илғор тажрибаси ва замонавий ютуқларини ўрганиш ҳамда мамлакатимизда кенг жорий қилиш мақсадга мувофиқ.
Анжумандан кўзда тутилган мақсад — иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда инновацион фаолиятни кенг жорий қилиш ва модернизация бўйича Европа Ҳамжамиятининг ривожланган давлатлари, хусусан Германиянинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш.
Шунингдек, Германия ва Европа давлатларидаги ўзбек ватандошларимиз томонидан турли йўналишларда ишлаб чиқилаётган инновацион ғоялар, янги технологик лойиҳалар билан яқиндан танишиш ҳамда ушбу лойиҳаларни мамлакатимизда амалга оширишнинг маъмурий, ҳуқуқий асослари ва молиялаштириш масалалари юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилмоқда.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА