1544545_o_1.jpegҲар йили 1 ноябрь куни Жазоир халқи ўз мустақиллик кунини кенг нишонлайди. Шимолий Африкадаги бу давлатнинг асосий ҳудуди Саҳройи Кабирда жойлашган бўлиб, унинг бир қисми Ўрта ер денгизи билан туташиб кетган. Жазоир Халқ Демократик Республикаси Марокаш, Мавритания, Мали, Нигер, Ливия ва Тунис билан чегарадошдир. Аҳолиси тахминан 35 миллион нафар атрофида.

Жазоир 1962 йилнинг 18 мартида Франция мустамлакалигидан халос бўлиб, ўз мустақиллигини эълон қилган. Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 30 июнида ўрнатилган. Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида нефт-газ металлургия енгил саноат тоғ-кон саноати бўйича алоқалар кенг йўлга қўйилган.

Жазоир табиий газ захираси бўйича жаҳонда 8-ўринда туради, экспорт ҳажми борасида эса 4-поғонада бормоқда. Мазкур мамлакат нефть захирасига ҳам бой. Жазоир истиқлолга эришгач, Аҳмад Бен Белла, шунингдек, Хуари Бумедьен Шадли Бенжадид президентлик лавозимида ишлаган. Ҳозир эса давлат раҳбари Абдулазиз Бутефликадир.

Мазкур давлатнинг биринчи раҳбари Аҳмад Бен Белла 96 ёшида вафот этган. Унинг ўлими мамлакат мустақилликка эришган санага тўғри келди. Аҳмад Бен Белла таниқли сиёсатчилардан бири саналади. Жазоир Халқ Демократик Республикасининг президенти, Миллий озодлик фронти бош котиби лавозимида ишлади. У 1918 йилнинг 25 декабрида Медеа шаҳрида таваллуд топган. Иккинчи жаҳон уруши даврда, яъни 1939-1945 йилларда Франция қуролли кучлари таркибида хизмат қилди. Урушдан сўнг Жазоир мустақиллиги учун кураш олиб борди. 1952 йили Аҳмад Франция ҳукумати томонидан ҳибсга олинди, лекин орадан кўп ўтмай, Миср пойтахти Қоҳирага қочишга муваффақ бўлди.

Бен Белла Миллий озодлик фронти ташкилотчиси сифатида 9 нафар инқилобий қўмита аъзоларидан бири ҳисобланади. 1956 йилда Марокаш авиакомпанияларидан бирига қарашли самолётда кетаётган пайтда Франция полицияси томонидан яна қўлга олинади. 6 йил давомида жазо муддатини ўтайди.

Эвиан шаҳрида имзоланган битимга мувофиқ Жазоир мустақил давлат деб эълон қилинди. Мустақилликнинг дастлабки йилларда Миллий Озодлик фронти ва Жазоир республикаси муваққат ҳукумати ўртасида келишмовчиликлар юзага келади. Ўша йилнинг 20 сентябрида сиёсий бюронинг бўлиб ўтган таъсис йиғилишида Жазоир Халқ Демократик республикаси ташкил топди. Айнан Аҳмад Бен Белла унинг раҳбари этиб сайланди. Ўшанда мамлакатдаги вазият жуда мураккаб бўлган. Қурғоқчилик, очарчилик, ишсизлик, бош-бошдоқлик ҳукм сурар эди. Айнан биринчи президент бошчилигида мамлакатда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
1963 йилнинг 8 сентябрида Аҳмад Бен Белла Жазоир Халқ Демократик республикасининг биринчи президенти сифатида қасамёд қабул қилди.

Аграр соҳадаги ислоҳотларнинг пайсалга солиниши, ишсизлар сонининг янада ошиши халқ орасида норозиликларни келтириб чиқарди. Жазоир касаба уюшмаларининг 2-қурултойида, яъни бу съезд 1965 йилнинг мартида бўлиб ўтган эди, раҳбариятнинг янги таркиби мамлакатдаги иқтисодий аҳволга холисона баҳо берди.

Орадан кўп ўтмай, 19 июнда армия Аҳмад Бен Беллани ҳокимиятдан четлатди. Мудофаа вазири полковник Хуари Бумедьен инқилобий кенгаш раҳбарлигини қўлга олди. Собиқ президентни тинч қўйишмади. Лавозимидан олиб ташлангач, уни 1980 йилгача қамоқда ушлаб туришди. Яъни уй қамоғида. Кейинчалик Швейцарияда яшашига рухсат беришди. Лозанна шаҳрида 10 йил давомида сиёсий қочқин сифатида яшади ва 1990 йили ўз Ватанига қайтишга рухсат олди. Аҳмад Бен Белла ўтган асрнинг 60 йилларида Жазоир раҳбари сифатида Тошкентда ҳам бўлган.

2003 йили Аҳмад Бен Белла Ироққа қарши куч ишлатиш халқаро ҳаракати президенти сифатида фаолият юритди. Бундан ташқари, у бир партияли давлат асосчиси сифатида Жазоирда демократияни қарор топтириш тарафдорлари сафида бўлди. Умрининг охиригача у Африка Иттифоқи оқсоқоллар кенгаши раиси лавозимида ишлади. Африка Иттифоқи комиссияси топшириғи билан юзага келган қатор можароларга барҳам беришда воситачилик қилди.

Бен Белла таниқли сиёсатчи бўлиб етишмаслиги ҳам мумкин эди. Армияда хизмат қилаётган пайтда у Марселдаги “Олимпик” футбол жамоасида марказий ярим ҳимоячи бўлиб ҳам ўйнаган. Унга
профессионал футболчи бўлишни таклиф қилишди. Лекин жамоада қолишдан бош тортди. Бен Беллани Миср давлатининг асосчиси Жамол Абдул Носирнинг сафдоши сифатида эътироф этишади.

Азимжон Пўлатов,

“Ўзбекистон” радиоси сиёсий шарҳловчиси
ЎзА