Аввалроқ, “Паррандасаноат“ уюшмаси халқаро талабларга мос, илғор технология ва ускуналар билан жиҳозланган намунавий паррандачилик корхонасини қурмоқчилиги хабар қилинганди.
Айни вақтда намунавий паррандачилик корхонасини лойиҳалаштириш ва ташкиллаштириш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, Туркиянинг “Tavsan Tavukçuluk A.Ş” корхонасининг вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилди.
Учрашувда “Tavsan Tavukçuluk A.Ş” корхонаси хизмат турлари, хусусан, паррандачилик учун зарур бўлган озиқлантириш, суғориш, иситиш, шамоллатиш, совутиш, ёритиш, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш учун ем технологиялари, озиқ-овқат транспорти тизимлари ва автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга намунавий паррандачилик корхонасини лойиҳасини тузиш ва ускуналар билан таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Муҳокамалар чоғида “Tavsan Tavukçuluk A.Ş” корхонасининг савдо ишлари бўйича менежери Бертан Атай Ўзбекистон Республикасида паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар режаси юзасидан ўз таклиф ва фикрлари билан ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, паррандачилик соҳасида дунёнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланган “Tavsan Tavukçuluk A.Ş” 1975 йилдан буён паррандачилик фабрикалари ва фермерлик хўжаликларини ускуна ва бошқарув технологиялари билан таъминлаб келади.
ЎзА