Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти намойиши

Бухорода “Бухоро шаҳри куни” ва “Бухоро ҳунармандлари куни” фестиваллари бўлиб ўтди. 
Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган фестиваллар Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан турли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Вилоятда туризмни ривожлантиришда унинг улкан маданий мерос объектлари ва азалдан дунёга машҳур ҳунармандлик санъати алоҳида аҳамиятга эга. Икки йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу фестиваллар “Ипак ва зираворлар” ҳамда “Қовун сайли” тадбирлари қаторида воҳанинг сайёҳлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Байрам тантаналари Кўҳна Арк қўрғони олдидан Лаби ҳовузга туташ Нодир Девонбеги мадрасасига қадар бўлган бир ярим километрлик масофада бошланди. Буюк ипак йўли марказларидан бўлган Бухоро шаҳрининг ўша даврлардаги манзаралари, олис кентлардан йўл олган карвонлар кириб келиши гавдалантирилган театрлаштирилган томоша шаҳарликлар ва меҳмонларни катта байрам даврасига чорлади.
7.jpg
8.jpg
Очилиш маросимида Бухоро шаҳар ҳокими К.Камолов ва Бухоро шаҳри билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган турли хорижий шаҳарлар вакиллари ушбу фестиваллар иқтисодий ва туризм соҳасидаги муносабатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирлар шаҳарнинг тарихий қисми асосий ҳудудларини қамраб олди. Бутун ҳудуд бўйлаб фольклор жамоаларининг чиқишлари воҳанинг ўзига хос урф-одат ва анъаналарига монанд куй-қўшиқлар янгради, рақслар ижро этилди.
Бухоро ўзининг гиламчилик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик, темирчилик, мис ва ёғоч ўймакорлиги мактаблари билан машҳур. Тадбир доирасида жойларда халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари намойиш этилиши баробарида қизиқувчилар учун усталар томонидан маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.
Кураш мусобақалари, миллий халқ ўйинлари, дорбозлар, тош кўтарувчилар ўз чиқишлари билан томошабинларни хушнуд этди.
– Қарийб 100 йил илгари Бухородан ҳозирги Исроил ҳудудига кўчиб кетган ота-онамдан шаҳрингиз тарихи, бу ердаги қадимий меъморий ёдгорликлар ҳақида кўп эшитганман, – дейди тадбир иштирокчиси, Тель-Авив шаҳридан келган сайёҳ Игал Мошаев. – Бухорога саёҳат қилган юртдошларим айтиб берган унинг бугунги ҳаёти, сақланиб қолган қадриятлари ҳақидаги ҳикоялар мени бу шаҳар билан танишишга ундади. Қаранг, саёҳатим мана шундай фестивалларга тўғри келиб қолибди. Тарихийлик ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар мени ҳайратда қолдирди. Миллий руҳ, миллий тафаккур гулдастасидан баҳраманд бўлаяпмиз. Айтганча, мени ва юртдош дўстларимни бу ерда ўтказилган “Бухоронинг шоҳона таоми” кўрик-танлови дастурхонига, паловга таклиф этишди. Ўзиям ажойиб ош бўлибди. Турли зираворлар солинган палов таъмини узоқ вақт унутолмасак керак. Ош ва бошқа миллий таомлар туризмнинг таркибий қисмига кирувчи гастрономик аҳамиятли йўналиш ҳисобланади.
Фестиваль доирасида Бухоро шаҳрининг воҳада туризмни ривожлантиришдаги роли масалаларига бағишлаб ўтказилган илмий-амалий анжуман соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди. Унда Бухоронинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни, ҳудуд миллий меъморчилик санъатининг ўзига хос жиҳатлари, миллий қадриятлар, қадимий шаҳар тарихини ўрганишга илмий ёндашувлар ҳақида сўз юритилди. Айни пайтда туризм соҳаси кадрларини тайёрлаш, малакасини ошириш, гастрономия, яъни воҳанинг миллий таомлари, у билан боғлиқ этнографик масалаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам эътибор қаратилди.
11.jpg
12.jpg
Ижодкорларнинг “Бухоро менинг қаламимда” шеър ва мақолалар танлови, Бухоро шаҳри таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган иншолар танлови, “Бухоро – очиқ осмон остидаги музей” шиори остида ташкил этилган расмлар кўргазмаси, “Бухоро – Шарқ гавҳари” шиори остидаги фото ва видеороликлар танлови айни ана шу мақсадга хизмат қилди.
Жорий йилнинг тўққиз ойида Бухорога 230 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ келди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробар кўпдир. Туризм соҳаси индустрияси тармоқлари ва хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяётгани ана шундай ютуқларда муҳим омил бўлмоқда. Вилоятда ибрат бўлаётган соҳа субъектлари талайгина.
«Энг яхши меҳмонхона” танловида “Рангрез” ва “Энг яхши туристик ташкилот” танловида “Анор Травел” сайёҳлик фирмалари ғолиб сифатида тақдирланди.
Байрам доирасида бошқа кўплаб тадбирлар ҳам ўтказилди. Фестиваллар она юрт, тинчлик, дўстлик ва эзгуликни тараннум этувчи катта концерт дастури билан якунланди.
Тадбирнинг ёпилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

 

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА