Германияда Марказий Осиё давлатлари экспертлари иштирокида халқаро анжуман бўлиб ўтди

Германиянинг Берген шаҳрида жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари Марказий Осиёда экологик ҳолат шароитида иқтисодий ва сиёсий хавфсизлик масалалари муҳокамасига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. 

Унда мамлакатимиз, хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари ҳам иштирок этди.

Тадбирда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Томас Кунце ҳамда Германиянинг Табиатни муҳофаза қилиш халқаро академияси раҳбари Торстен Хардерлар сўзга чиқиб, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари олдида турган долзарб экологик муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлигини қайд этди.

Анжуманда ҳудуддаги экологик вазият – Орол муаммоси, трансчегаравий сув манбаларидан оқилона фойдаланиш, табиий ресурсларни бошқариш, бу борада умумий стратегияни ишлаб чиқиш масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори ўринбосари Бобур Бекмуродов «Марказий Осиёда мавжуд муаммоларни ҳал килишдаги Ўзбекистоннинг фаол иштироки» мавзусида маъруза қилди. Марказ вакили ўз маърузасида Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналиши доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

 

ЎзА