Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ҳаракатлар стратегияси, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури, Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди фаолияти замон талаби асосида йил сайин такомиллашиб бормоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатларининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари ташкил этилди, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссиялар тузилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида ННТларнинг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда бўш турган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида «ННТлар уйи»ни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Йиғилишда фаолиятга доир камчиликлар, мавжуд муаммолар ҳақида айтилди. Таъкидланганидек, давлат бошқаруви органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмалари бериш механизми самарали ишламаётгани муҳим ижтимоий аҳамиятга молик долзарб муаммоларни ҳал этишга ННТларни кенгроқ жалб қилиш имконини бермаяпти. Ҳудудларда ташкил этилган доимий фаолият юритувчи комиссиялар фаолияти қониқарли эмас. Улар олдига ННТлар фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эшитувларини ташкил этиш вазифаси қўйилган эди. Бу жараён ҳали бошланмаган.
Парламент комиссияси аъзолари бу муаммоларни ҳал қилиш, тизимни тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирди. Доимий комиссиялар фаолиятига тизимли услубий ёрдам кўрсатиш, ҳамкорлик қилиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ишлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда “Соғлом турмуш тарзини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, унинг натижаларини ОАВда кенг ёритишни қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги қўшимча давлат гранти танловини эълон қилишга келишиб олинди. Мазкур давлат гранти жамиятда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спортни маҳаллаларда ривожлантириш, турли йўналишларда спорт ва халқ ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш каби ўндан ортиқ йўналишларни қамраб олади.
Шунингдек, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини ва қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, уларга риоя этилишини кенг тарғиб этиш мақсадида “Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда жамоатчилик назоратини юксалтириш” мавзусида ҳам қўшимча давлат гранти эълон қилинади. Ҳар икки танлов учун аризалар 2018 йил 25 октябрдан 28 ноябргача қабул қилинади.
Йиғилишда 2017 йилда давлат ижтимоий буюртмаси олган ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ҳисоботлари тингланди.
Парламент комиссияси аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорларни қабул қилди.