Александр Лукашенко: "Шавкат Мирзиёевнинг Ғарб билан ҳам, Шарқ билан ҳам муносабатлари аъло даражада"

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон билан ҳамкорликни янги босқичга чиқаришга қаратилган келишувларни қўллаб-қувватлайди. 
Бу ҳақда у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда “БелТА”.
Беларусь Президенти Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлиги изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлаган.
Шунингдек, у давлатимиз раҳбари олиб бораётган ташқи сиёсатга юксак баҳо берган. “Ўзбекистон Президенти қўшни давлатлари билан алоқаларни яхшилашга эришди, халқаро майдонда ўзини муносиб тутмоқда, унинг Ғарб билан ҳам, Шарқ билан ҳам муносабатлари аъло даражада”, – деган Беларусь етакчиси.
Александр Лукашенконинг эслашича, яқинда мамлакатимизга амалга оширган расмий ташрифи доирасида томонлар истиқболда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов шу кунларда Беларусь Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон бозорига Беларусь маҳсулотлари ва ҳарбий аҳамиятга эга хизматларни йўналтириш каби масалаларга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА​​