Нобель мукофоти совриндори билан учрашув

Ўзбекистон Миллий университети раҳбариятининг расмий таклифига биноан Шимолий Каролина университети (АҚШ) биокимё ва биофизика профессори, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташрифнинг биринчи кунида олим Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан учрашди.
– Бу юрт тупроғига қадам босиш мен учун шараф, – дейди А.Санжар. – Қардошларимни кўришга келдим. Нуфузли мукофотга сазовор бўлганимдан сўнг, дунёнинг турли нуқталаридан таклифлар тушди. Вақт нуқтаи назаридан, кўпини рад этишимга тўғри келди. Лекин турк қардошларим замини Ўзбекистоннинг, ушбу университетнинг таклифини жон-жон деб қабул қилдим. Бу – бурчим. Хорижлик таниқли олимларнинг ташрифидан ёш авлоднинг илм билан шуғулланишига бўлган қизиқиши янада ортади. Бу заминнинг фарзандлари келгусида улкан ихтиролар яратишга қодирлигига сира шубҳам йўқ. Чунки бунинг учун таълим тизимида жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда экан. Мен шуни аниқ айтаманки, барча муваффақиятларнинг калити – тажриба ва амалиёт. Буни айтишдан асло чарчамайман. Шунинг учун ҳам фарзандларни 5-6 ёшидан тажриба, кашфиётлар сари илҳомлантириш лозим.
“Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” деб номланган халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Шунингдек, унда мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатлардан етакчи олимлар, Ўзбекистон Фанлар Академияси, вазирликлар ва элчихоналар вакиллари иштирок этди. Мазкур конференция буюк олимнинг ҳаёти ва ижодига бағишланди.
Ташриф давомида профессор Азиз Санжар бакалавриат, магистратура, докторантура таҳсил олувчилари ва тадқиқотчиларга “ДНКнинг тикланиши, саратон ва кимёвий даволаш” мавзусида онлайн маъруза ўтди. Мазкур маъруза республиканинг барча олий таълим муассасалари видеоконференция студияларида трансляция қилинди.
Бундан ташқари, профессор Азиз Санжарнинг “Фан ва миллий тараққиёт” мавзусида Ўзбекистон ёш олимларига мурожаати режалаштирилган. Сўнгра, олим ЎзМУнинг Тармоқлараро молекуляр биология лабораториясининг очилиш маросимида ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 18-21 октябрь кунлари профессор Азиз Санжар Урганч, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий меъморий обидаларини зиёрат қилиши режалаштирилган.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА​​