Францияда дизайн

Францияда дизайн тараққиётининг ўзига хослиги ҳукумат улкан дизайн-лойиҳаларнинг асосий буюртмачиси сифатида майдонга чиқишида намоён бўлади. 1980 йили Саноат буюмларини бадиий конструкциялаш ва мамлакатда дизайнер кадрлар тайёрлашнинг узоқ йилларга мўлжалланган тараққиёти бўйича махсус қарор қабул қилинган эди. Қарорда асосий эътибор маҳсулотларнинг сифатини ва ташқи кўринишини яхшилаш учун дизайн методларини қўллаш,уларнинг харидоргирлигини ошириш, ишлаб чиқариш таннархини камайтиришга қаратилди. “Буюмларни бадиий конструкциялаш ва уларни сотиш тизими” вазифаси кенг истеъмол моллари ишлаб чиқаришда дизайн воситаси билан таннархини камайтириш масалаларини тадқиқ этишга қаратилган. 

Мамлакатдаги 8 та давлат ва хусусий ўқув муассасаларида профессионал дизайнерлар тайёрланади, жумладан Саноат дизайни Олий мактаби, Миллий бадиий-саноат олий билим юрти, Миллий безак санъати олий мактаби, Амалий санъат ва бадиий ҳунармандчилик олий мактаби, Компьенедаги Технологик университетнинг дизайн бўлими ва бошқа ўқув даргоҳлари дизайн таълими билан шуғулланадилар.

Франция учун ҳам, бошқа Европа мамлакатлари учун ҳам саноат ишлаб чиқариши ва хизмат кўрсатиш соҳаларига дизайнни ҳамда янги бадиий ғояларни татбиқ этиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Европанинг бирлашуви натижасида савдо товарларига бўлган чекловларнинг бекор қилинганлиги ва бозорнинг глобаллашуви, ўз ўзидан турли-туман корхоналар ўртасидаги рақобатни кучайтириб юборди.

Бугунги кунда харид қилишда етти ўлчаб бир кесадилар, олдиндан бозордаги талаб ва таклиф чуқур ўрганилади. Унинг устига замонавий инсоннинг янгича фикрлаши, бутун сайёра даражасидаги қадриятларга аҳамият бериши ҳамда саноатнинг яшаш муҳитига кўрсатаётган таъсири каби омилларга ҳам ўз диққатини қаратмоқда. Шу омилларнинг барчаси ишлаб чиқарувчидан иложи борича мукаммал, янги технологиялар ва хомашёлардан фойдаланишни талаб қилади.

Алкател, Мулинекс, Пежо, Ситроен, Тефал каби улкан француз корхоналари аллақачон дизайнерлар билан ҳамкорлик қилишнинг қанчалар фойдали эканлигини билиб олганлар.Бу корхоналарнинг ҳар бирида ўз дизайнерлик бюролари мавжуд. Рено автомобил компанияси бу соҳанинг пешқадами ҳисобланади ва компанияда 260 нафардан ортиқ дизайнер ишлайди.

Мамлакатда турли фирмалар ва саноат корхоналари ҳамда хорижий ўқув юртлари билан ўзаро алоқалар ва дастурлар алмашишга алоҳида эътибор қаратилади. 1983 йили Париж шаҳрида Дизайн тараққиётига кўмаклашувчи тармоқлараро Бошқарма ва Бадиий конструкциялаш Олий мактаби ташкил этилди. Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига дизайн бўйича касбий тайёргарликни энг муҳим соҳалар қаторига киритишни, талабаларнинг хорижий мамлакатларда малака оширишларини ташкил этиш ва бу масала учун махсус фонд ажратиш вазифаси юклатилган.

Францияда олий дизайнерлик таълимини Безак санъати Олий миллий мактабида олиш мумкин. Бу ўқув масканида саноат дизайни,либос, мебел,интерьер, визиуал коммуникациялар, муҳит ва график дизайни каби турлари бўйича мутахассислар тайёрланади.Ундан ташқари Умуммиллий, муниципал ва ҳудудлар қарамоғида бўлган 53 Олий ўқув юртида ҳам дизайнерлик мутахассисликлари бўйича дипломлар берилади.

Ҳозир Францияда 4 мингдан ортиқ профессионал дизайнерлар фаолият олиб бормоқда. Саноат ижодкорлиги Олий миллий мактаби ва бошқа олий ўқув юртларининг дизайнерлик бўлимларини битирувчилари ўз касбий фаолиятини кўп ҳолларда мустақил дизайнерлар сифатида бошласалар ҳам, кейинчалик катта дизайнерлик агентликлари ва саноат корхоналари дизайнерлари сафига келиб қўшиладилар.

Мутахассислар тайёрлашда ҳар бир талабанинг ўз истеъдоди ва қобилиятини аниқлаш асосий мақсад қилиб белгиланган. Бу масалаларни ҳал этишда индивидуал методларни қўллаш, юқори даражадаги техникавий ва назарий билимлар берилади.

Талабалар ўқишга кириш олдидан, билими ва тажрибасидан қатъий назар, лойиҳалаш гуруҳларига тақсимланадилар, улар ўз ишларини ташкил этадилар, лойиҳалар бўйича ўз фаолиятларини белгилайдилар, кўп ҳолларда бу амалиёт ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда бажарилади.Шу билан биргаликда талабалар тадқиқотлар ўтказиш, ахборотларни саралаш, таҳлил қилиш, маълумотларни жамлаш, шахсий ҳамкорликларини ошириш, ўз билимларини ва бошқаларнинг билимларини баҳолашга ҳам ўрганадилар. Ўқув дастурлари “модул унсурлари” асосида қурилади ҳамда давомийлиги ва мазмунийлиги билан ажралиб туради. Бу ўқув дастурлари ўқитувчи томонидан бошқарилади ва экспертлар томонидан талабаларнинг индивидуал қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Ҳар бир ўқувчи ўзининг индивидуал дастурига эга бўлади.

Ўқув йилига мўлжалланган ўқув жадвали мавжуд эмас, ўқув дастурларини талабалар ўзларининг мақсадлари ва талаблари асосида тузадилар.Дастурлар ўқув юртига кириш пайтида гуруҳ раҳбари томонидан танлаб олинади ва татбиқ этилади. Давлат даражасида режалаштириш ва истиқболларни белгилаш тизими ўқув жараёнлари, маҳорат ва малака ҳамда касбий тиришқоқликни ўзаро боғлиқ ҳолда ўрганиб, уларни таҳлил этиш орқали битирувчиларни иш ўринларига мослаштириш, малака ва маҳоратларини оширишга йўналтирилади.Ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўринларини топишларига алоҳида эътибор қаратилади.Бу эса таълим стандартларидан воз кечиб, касбий жиҳатдан референциональ доирада иш юритишга олиб келди, албатта,бундай ёндашув таълим методологияси ва сертификациясида белгилаб қўйилган. Францияда таълим стандартларига қараганда референциональ ёндашув нуфузли саналади. Ўқув даргоҳлари битирувчилари томонидан яратилган анъанавий креатив ва бадиий дизайнерлик ишланмалари бунга ёрқин мисол бўлади.

 

Дадахон Ёқубов, Ўзбекистон санъат арбоби